. ОДАМЛАР ОРАСИДА - 19 Марта 2009 - ZAMON маданий-маърифий сайти
дунё ўзбекларининг маданий-маърифий сайти
Понедельник, 20.05.2024, 02:42
ГлавнаяРегистрацияВход Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2009 » Март » 19 » ОДАМЛАР ОРАСИДА
09:22
ОДАМЛАР ОРАСИДА

                 ОДАМЛАР ОРАСИДА

            АКА ЕТКАЗГАН ЗАРБА...

- Ҳали уйланмаганман,- дея сўз бошлади таҳририятимизга ташриф буюрган йигит. Онам қариб қолганлар. Отам тўсатдан оламдан ўтдилар. Биз икки ўғилмиз. Акам билан муносабатимиз жудаям яхши эди. Бироқ... Акам уйланганларидан кейин иккимизнинг муросамиз унчалик келишмай қолди.

Акам хотинининг йўриғидан чиқмас, келинойим ҳам тилли-жағлигина экан. Бу эса менга ёқмасди.

Онам ҳам: "Майли, болам, қўй, шу келинойинг билан олишма. Аканг билан бахтли бўлса бўлгани", дея

менга насиҳат қиларди. Бир куни келинойимдан кийимимни ювиб беришини илтимос қилдим. Аммо

эрталаб туриб, кийимим ювилмаганини кўриб, келинойимга: "Нега ювиб қўймадингиз? Ахир илтимос

қилгандим-ку! Ҳозир кийиб кетишим керак эди-я..." - дедим босиқлик билан. Келинойим эса арзимас

 

шу гапга ҳам йиғлаб, уйига кириб кетди. Кечаси соат 12 ларда акам ишдан келибди. Келинойим

воқеани ошириб-тошириб айтиб берган шекилли, акам ғазабланиб хонамга кириб, ухлаб ётганимга

ҳам қарамай, қаттиқ нарса билан бошимга ура кетди. Мен ҳеч нарсага тушунмай, ўзимни ҳимоя

 

қилиш мақсадида акамга қўл кўтардим. Бақир-чақирни эшитиб, югуриб кириб келган онам мени

қарғай кетди. Мен эса ўзимни оқлолмай, уйдан бош олиб чиқиб кетдим. Орадан бир ойча вақт

ўтгандан кейин онам мени кўчада кўриб қолиб, ялиниб-ёлвориб уйга қайтариб олиб келди. Аммо

 

уйдаги шароит ундан баттар бўлса бўлдики, осонлашмади. Энди акам ичадиган одат чиқарган,

келинойим ҳам ҳар икки гапнинг бирида: "Уканг чиқиб кетса, биз тинч яшардик, онанг ҳам ортиқча бу

уйда", дегани-деган. Акамнинг уйи бузилмасин, дея мен ҳеч нарса демасдим. Онамнинг ҳам дарди

ичида.

  Калтак теккан бошим кўп оғрийдиган бўлиб қолди. Шифокор текширувларидан сўнг маълум

бўлишича, менинг миямда хавфли ўсимта пайдо бўлибди. Бу ҳунук хабарни эшитган уйимдагилар

жуда саросимага тушиб қолишди.Келинойимнинг  кайфияти чоғ, тез кунларда мендан қутуламан деб

ўйлаган чоғи. Оқибатда мен бир умрга майиб бўлиб қолдим. Орадан бир-икки ой ўтиб, қаттиқ мазам

 

бўлмай, касалхонанинг жонлантириш бўлимига тушиб қолдим. Акам ёнимга йиғлаб келиб: "Укажон,

мен сенинг олдингда гуноҳкорман! Сени майиб қилиб қўйдим. Мени кечир, укажон!" - дея тиз чўкиб,

кечирим сўрадилар.

   - Сиз нима дедингиз, акангизга?

  - Нима ҳам дердим? Бари бефойда... Чунки ҳозирги пайтда мен оғир ва бедаво дардга мубтало

 

бўлганим боис, ҳам жисман, ҳам руҳан тушкунликка тушганман.

   - Ҳа, жуда ҳунук иш бўлибди. Онангизнинг бахтига жонингиз омон бўлсин. Сизга сабр-тоқат

тилайман, - дея йигитни кузатиб қолдим.

  "Чинакам мўмин шундай одамки, унинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам бировга зиён етмайди", дейилган

муборак Ҳадисда. Бироқ шундай одамлар борки, уларга зиёни етмаган инсонларга ўз зиёнларини

етказадилар. Қанийди, Оллоҳ шундайларга инсоф берса...

  Сиз бунга нима дейсиз, азизлар?

 

                     НИДО

 

  Кетдинг, болам, кетдинг. Сочларида битта ҳам қораси қолмаган, беллари икки букчайиб қолган

бувижонингни ташлаб кетдинг. Мен нима қийинчиликларни кўрмадим, қизимнинг, яъни онангнинг

бевақт ўлимини кўрдим. Чидадим. Аммо сен гирифтор этган айрилиқ дардига бардош

беролмаяпман. Онанг бечора бўлганида эди...

  Онангни эслолмайсан, болам. Чунки сен унинг оқ сутига ҳам тўймагансан. Кўзимнинг оқу қораси

 

онанг тўсатдан вафот этганда, сен бир ёшга бориб-бормаган гўдак эдинг. Ўзиям ўн йил турмуш

қилиб, ният қила-қила кўрган ягона фарзанди эдинг...

Сени ўзим билан бирга олиб кетмоқчи бўлдим. Даданг аввалига бермади. "Мени шу бахтимдан ҳам

 

айирманг", деб ялинди-ёлворди. "Якка-ю ягона қувончим шу бола, мени ундан маҳрум этманг", деб

оёқларига бош урдим, ҳеч бўлмаса тафтимни босарсан, дедим. Даданг шўрлик ноилож кўнди.

Йиллар ўтган сари онанг соғинчи уммонга айланарди. Бундай вақтларда ёлғиз дардимга даво сен

 

эдинг. Умринг завол кўрмасин, деб эҳтиёт қилардим. Истакларинг мен учун қонун эди.

Мактабни битиргач, эл қатори ишга кирдинг. Ҳарбий хизматни ҳам ўтаб келдинг. Энг яқин ўртоғинг

ишлаётган жойга — дўконга ишга кирдинг. Ҳамма касб ҳам ўзига яраша деб эътироз билдирмадим.

Фақат "пок бўл, болам", дердим ҳар гал. Тонгда ишга кузатиб, орқангдан қараб қолардим.

Бўй-бастингдан ўзимда йўқ қувонардим. Қалам-қалам қошларинг, юзинг анорлиги онангники эди.

Сен ишдан чиқардингу, уйга келиб, менга ёрдамлашардинг, кўрган-кечирганларингни айтардинг. Биз

буви-набирадек эмас, она-боладек эдик. Лекин кунлар ўтгани сайин нималардир ичингда туғён

ураётганини сезиб қолардим. Баъзида кўзларингда бегоналик аломати пайдо бўлганга ўхшарди. Ёш

йигит бўлса, ҳамма сир-асрорини менга айтолмаётгандир, деб эътибор бермасликка ҳаракат

қилдим.

  Лекин юриш-туришинг барибир ўзгаргани яққол сезила бошлади. Пиширган овқатларимни индамай

ичардинг. Энди эса ундан камчилик топишга уринардинг. Мен гўл онанг, сенинг кўчадан тўйиб

келаётганингни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Бунинг устига онда-сонда ичиш одати ҳам пайдо бўлди.

  Кунлардан бир кун ишдан жуда кеч қайтдинг. Хавотирда ёниб кетдим. Автобус бекатига бир неча

бор чиқиб келдим. Ҳайтовур йўлда кўринганингда ўзимни босиб олдим. Лекин сўроқларим қулоғингга

кирмасди, кайфинг тарақ, хуллас ғалати эдинг.

  Эрталаб жуда барвақт турдинг, тахтакачдек шимингга бошқатдан дазмол урдинг. Кеча кийиб кетган

оппоқ пахтадек кўйлагинг ўрнига бошқасини илдинг.

  Шу оқшом янаям кеч келдинг. Кеч келавердинг...

  Бир кун оёқда зўрға турадиган бўлиб келдинг. Аллақандай қўшиқни ҳиргойи қилардинг. Чала-чулпа

ечиниб ўтирибсанки, ғулдур-ғулдуринг тинмасди. Олдингга овқатингни қўйдим. Овқатни... Ҳали-ҳали

бу ҳолатни кўрган кўзларимга ишонмайман. Овқатни итариб юбординг. У кўрпача билан битта бўлди.

Бирдан яна ҳушёр тортдинг. Эмаклаб бориб, косани кўтардинг... Кейин косани хонтахта устига зарда

билан қўйдинг. Бирдан менга — бувижонингга тикилиб қолдинг. Сўнг бўйнимга осилиб ҳўнграб йиғлаб

юбординг.

Эрталаб уйғондингу, зўрға ўрнингдан қўзғалдинг. Қатиқ берсам, бир амаллаб уч-тўрт қошиқ ичдинг.

Нонуштага қайрилиб ҳам қарамадинг.

— Сени нима жин урди? Тоғдек йигит уялмайсанми? Ўзингни сал йиғиб ол... — дедим иложи борича

юмшоқ оҳангда гапиришга ҳаракат қилиб.

— Нима бўпти! — деб шундай жеркиб ташладингки, ўтирган еримга сингиб кетай, дедим, сен эса,

бепарволарча чиқиб кета бошладинг. Тўхтатдим.

— Онанг ўргилсин, барвақтроқ кел, — дедим кўзларингга жавдираб.

— Хўп! — дедингу эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетдинг.

Барибир ўша тун ҳам яна кеч келдинг. Кайфинг йўғу, анчагина қовоғинг солиқ эди. Юрак ютиб,

сабабини сўрадим. Тўнг оҳангда алланарса дея бошқа хонага чиқиб кетдинг. Туни билан негадир

тўлғаниб чиқдинг. Мен ҳам мижжа қоқмадим. Уч-тўрт кун шу аҳволда юриб, кейин... бир кеча келмай

қолдинг. Сочларимни юлгудек, кўчага чиқиб дод солгудек бўлдим. На чора, тишимни-тишимга қўйдим.

"Қўшнига айтсам, қўшади", деб сабр-тоқат билан тонгни кутдим. Эрталаб тўғри дўконингга бордим.

Савдо қилаётган экансан. Рангинг синиқ кўринди. Менга кўзинг тушди-ю, нега келдингиз, дегандек

хўмрайиб қўйдинг. Болажоним-ей, наҳотки менинг туни билан чеккан азобим шу совуқ қарашларингга

лойиқ эди? Олдингдаги одам кетиши билан "кетаверинг, бораман", дединг қўрслик билан. Ноилож

орқамга қайтдим. Кечаси яна ширакайф келиб, олдимга бир аёлнинг расмини ташладинг. Сочлари

қирқилган, кулибгина турибди. Тикилиброқ қарадим. Ёши сендан анча катта-ёв.

Сен  "келинингиз", дединг даб-дурустдан. Юрагим негадир зирқираб кетди. Маҳалламиздаги ўзинг

бирга ўқиган Малоҳатхонга мойиллигинг борлигини, у ҳам сенга бефарқ эмаслигини неча бор сезган,

ҳатто совчиликка бораверайми, деб розилигингни олишга шайланиб тургандим-да, ахир.

— Нега, болам? Малоҳатхон эсли қиз, ҳусндаям бундан каммас, — дедим суратга ишора қилиб.

— Хоҳлаганим шу! Олдиндан айтиб қўяй. Битта боласи ҳам бор.

— Вой, ўлмасам, эсингни едингми?

— У ўнта Малоҳатдан зўр!

— Йўғ-е, мен... мен бир кўрай.

— Кўрдингиз, кўрмадингиз нима, барибир...

— Вой, болам... — тилим ғўлдираб қолди, — сал шошма.

— Аммамнинг бузоғидек вақтим ўтиб кетган. Уйланаман, вассалом!

Сен бу гапларни бақириб айтдинг.

— Ўзингни босиб ол, болам. Ахир умр савдоси бу.

Алланималар дединг. Энди бу гаплар қулоғимга кирмасди. Миямнинг ичида чумоли тўдаси

ўрмаларди, гўё.

Эрталаб турдингу гапларимга қулоқ солмай, кийиниб кетиб қолдинг. Шунда мен эсанкираб қолдим.

Наҳот мен шу жазоингга муносиб эдим? Наҳот мен... шунга афсусланар эдимки, сен аввалги Анвар

эмасдинг. Бамисоли карахт эдинг. Карахт бўлганда ҳам гўё қуюқ туман ичидасану ҳеч нарсани

кўрмасдинг.

Энди маҳалла-кўйда гап чувалаша бошлади. Уларни эшитганимда одамларнинг оғзига урганларимни

айтмайсанми? Сен уларнинг гапига ҳам қулоқ солмадинг. Кунлардан бир кун маҳалламиздаги ўрта

ёшли кишилардан бири олдимга кирди. "Ўғлингизга насиҳат қилинг, хола, у кўпни кўрган аёл, вафо

қилмайди. Унга навбатдаги пулдорлардан бири, деб қарайди. Ўғлингиздан олдин менинг бир танишим

унинг домига тушганди. Зўрға қутилди. Пок эмас бу аёл, пок эмас".

Энди чидолмадим. Айниқса, уч-тўрт кун келмай қолганингдан кейин ўзимни қўйгани жой топа

олмадим. Тўғри, ўша аёлнинг олдига бормоқчи бўлдим. Излаб-излаб, уйини топиб бордим. Иккинчи

қаватда тураркан. Эшикни ўн бир-ўн икки ёшлардаги бола очди. Ичкаридан "ким Алик?" деган овоз

чиқди. Кейин хушбичим, қош-кўзлари бўялган ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги аёл пайдо бўлди. Ростини

айтсам, ўзимни йўқотиб қўяй дедим. У менга салом бердими-бермадими, киринг, дедими-демадими,

билмайман! Тўғри, бостириб кирдим.

— Мен Анварнинг онаси бўламан!

Аёлнинг ранги қум-қут ўчиб кетди.

— Шундай деб ўйлагандим ўзим ҳам, — деди энсаси қотиб.

— Нима қилмоқчисизлар? — дедим гапни чувалаштириб ўтирмай.

— Бир йилдан бери бирга яшаймиз.

— Борди-ю болам яхши пул топмаганда, сиз у билан яшармидингиз?

— У мени ўзи излаб топган.

— Эркакнинг фариштаси бўлади, уни "сен"ламанг.

— Унга ўхшаганлар тиқилиб ётибди.

— Сиз болали экансиз, ўзингиздан анча-мунча ёш, уйланмаган йигитни йўлдан оздириб, бекор иш

 

қилибсиз.Олдингизда гулдеккина ўғлингиз бор экан, ҳеч бўлмаса шундан ийманинг.

— Индамасам, жуда гапирадиган экансиз-ку, ана ўғлингиз, керак бўлса олиб кетаверинг. Мен унинг

ёқасига ёпишиб олганим йўқ!..

Ташқарига чиққанимдан кейингина унинг сўзлари ичимни ёндириб юборганини сездим. Ўша куни ётиб

қолдим. Сен буни сезмадинг. Шу ётганимча мана, ҳалиям ётибман. Сендан эса дарак йўқ.

Жон болам, ғунчадек ҳаётингнинг сўлишини сира-сира истамайман. Танангга яна бир ўйлаб кўр,

қўзим... Агар шу аёл инсофли бўлса, кўзи очилмаган, сендек навниҳолни бағрига тортармиди? Бу

гапларимга эҳтимол, ҳозир тушунмассан. Менда ҳам катта хато бор, болагинам. Кўзимнинг битта-ю

битта оқу қораси деб сени аядим, авайладим. Қўни-қўшни бўш қўйяпсиз, кўнглига қараяпсиз, дейишса

қулоқ солмадим. Мана, оқибати!

Сен барибир менинг набирамсан, ёлғизимдан қолган ёдгоримсан. Тўғри, уйимдан одамлар

узилмайди. Лекин ҳеч ким сенинг ўрнингни боса олмайди. Йигитлик шаънини асрамоқ, ҳалол яшамоқ,

никоҳли ҳаёт қурмоқ ва буни одамларга билдириб, ош бермоқ ҳам катта бахт экан. Шу бахтни

кутаяпман, болагинам, бағримга қайт!..

ҚАЙТАР ДУНЁ

Эскириб, анча нураб қолган ҳовли ўртасидаги чорпояга тўшалган бахмал кўрпача устида Анорхол

буви кўзларини қовжираб, сарғайиб ётган япроқларга қадар экан, яна хотиралар оғушига ғарқ бўлди.

Лаблари оҳиста пичирлай бошлади. Бироқ бу сўзларни ўзидан бўлак ҳеч ким эшитмасди. Кўча

дарвозасига термулиб, ўғлининг келишидан умидвор бўлди. Худди Собиржон: "Онажон!" деб кириб

келаётгандек, энтикиб-энтикиб қараб қўярди. Шу тобда темир дарвоза ғийқиллаб очилиб, қорачадан

келган, думалоққина Қумри опа косада алланима кўтариб кириб келди. Хола ўрнидан қўзғалганди. -

Вой-вой, қимирламанг, тузукмисиз?-деганича қўл чўзиб, косани хонтахта устига авайлаб қўйди. Хола:

"Дурустман, болам",-деди-ю, яна ёстиққа бош қўйди. - Хола, мана бу шўрвани ичиб олинг-чи. Анорхол

 бувининг кўзлари ойнадек ялтираб, икки томчи ёш гавҳардек юмалади. - Вой-вой, бу нимаси? Нега

йиғлайсиз? - сўради Қумри опа. - Ўғлим... Анорхол  буви "қулт" этиб ютинаркан, ўғли Собиржонни

эслади. - Э-э, садқаи сар, келмаса келмасин, ўша ўғлингиз. Мана биз бормиз-ку! - кўксига шапатилади

опа. - Келинингизни талтайтириб юборгансиз-да. - Ундай деманг, ўргилай... Ҳар гал қўшнилар

келинидан гап очгудай бўлса: "Ундай деманглар!" - деб ўзини-ўзи овутарди, холос. - Ҳа, майли, мен

борай, - у шундай деди-ю, бўшаган косани қўлга олганча апил-тапил шиппакларини оёғига илди. Хола

Қумри опанинг кетидан дуо қила-қила кузатиб қолди. Қош қорайиб, осмон қора сочларини ёзар экан,

унга қадалган юлдузларни кўз-кўз қилаётган бир паллада Анорхол  бувини ваҳима босди.

"Келармикан ё..." ўзи истар-истамай кўзларини юмди. Қани энди, одамлардек тинч ухласа? Қаёқда,

ҳар галгидек қайнонаси тушларида тинчлик бермайди. "Бу кунингдан баттар бўл!". Шундай совуқ

сўзлар оғушида тўлғона-тўлғона уйғониб кетади. ...Анорхолнинг келин бўлганига бир йил бўлибдики,

кексайиб қолган Ойша холани кўргани кўзи йўқ. Хоҳласа овқат беради, хоҳламаса йўқ. Эри Маҳмуджон: "Ойимга овқат бердингизми?"- дегундай бўлса, нақ балога қолади. - Ҳа, бердим, ўша чўлоқ, тепса-тебранмас онангизга! Намунча меҳрибон бўлмасангиз? - дея зулук қошларини чимиради. Орадан ойлар ўтиб, Анорхол  "кўчамиз", деган хархашани ўйлаб топди. Маҳмуджонни кўндирди ҳам. Лекин бир муаммо чиқиб қолди.

- Мен сизга айтдим-ку, фақат ўзимиз кўчамиз. Чўлоқ онангиз шу ерда қолади.

- Нега ундай дейсиз? - дейди эри.

  Ҳовлида куймаланиб юрган Ойша хола бу гаплардан хабар топди. Ҳассасига таянганича, узун зина

ёнига яқинлашиб, деразадан бўйлади.

- Бўлди қилинглар! Кўчсангиз кўчаверинглар. Мен шу ерда қоламан... - деди кўзларидан дув-дув ёш тўкиларкан.

Анорхол  уйдан ўқдай отилиб чиқди.

- Вой, ойижон, ростданми?

- Ҳа, болам, мен розиман. Ойша хола тандирнинг оғзидай келадиган енги учига кўз ёшларини артди...

* * *

Бир маҳаллар ўзи йўлакка мағзава сочиб, қайнонасини чўлоқ қилиб қўйганидек, шу воқеа келини

Зайнаб орқали ўзига қайтди. Мана, бир умрга тўшакка михланиб қолди. Яхшиям шу қўшнилари бор

экан, иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туришади.

Тонг ҳам отди. Хола аранг ўрнидан қўзғалар экан, оёқлари музлаб қолгандай, ўзига бўйсунмас,

боғлаб қўйилгандай қимирламасди. Минг пушаймонлар билан кўча дарвозасига, нураб тушган

деворларга кўз тикканча ўғлининг келишини зор-интизор бўлиб кутарди. Шу алфозда бу дунёни тарк этди.

 

                              ҚАРҒИШ

Инсон табиатидаги эзгулик ўрнини қабоҳат, диёнат ўрнини разолат эгаллаганда ўзлигини ҳам йўқота

бошларкан... Машъум уруш бошланганда қишлоқнинг олди йигитларидан Тоҳиржон бирин-кетин

туғилган тўрт ўғлини 30 га яқинлашса-да, ҳусни ёш келинчакларникидай турган хотинига ишониб

жангга отланди. Тўрт азаматни минг қийинчиликларга қарамай оқ ювиб, оқ тараган жувоннинг

биттагина нияти бор эди! Эри соғ-саломат қайтса бас, бу машаққатларнинг бари унутилади. Яратган

унинг бу ниятини ижобат қилди. Тоҳиржон кўксида ярқираган медаллар билан уйига қайтди. Бир

қўшиқда айтилганидек, соппа-соғ, қўл-оёқ бус-бутун, кўринадиган жойларида бирорта жароҳат изи

йўқ. Яна нима керак, ахир? Аммо баъзи ҳолларда, айниқса баҳор ва ёз ойларида ўзига ўхшамаган

қилиқлар қиларди. Баъзан сабабсиз йиғлар, гоҳ хохолаб кулар, кечалари ўрнидан туриб кетиб

кимларгадир гап уқтирарди. Аввалига лол қолган хотин, сўнг ўзидан тажрибалироқ қўшни аёлларга

"дарди"ни айтди. - Эрингиз айнибди, айланай, - деди битта оғзи бепаровуз қўшни.

 - Ҳушёр бўлинг, тўшакда бўғиб қўймасин яна. Бу ҳақда эшитган қишлоқ мўйсафиди эса ўша хотинни роса койиди.

  - Онанг муз устида туққанми дейман, келин? - деди у.

  - Бунча гапинг совуқ бўлмаса?! Тоҳирбой хўп қон кечган, ўшанда сесканган бўлиши мумкин.

Ўткирроқ муллага бир ўқитиб ташланглар, кўрмагандай бўлиб кетади. Тоҳиржон баъзан

телба-тескари гапирса-да, урушдан олдинги ўша шижоати, меҳнатсеварлиги сўнмаганди унинг.

Колхозда ишлади,икки ўғилни уйли-жойли қилишди. Табиатан анча енгил ва қизиққон учинчи ўғил

Асрор эса "баландроқ дор"га осилиб, бадавлат хонадоннинг қизига ошиқ бўлди. Ўжарлиги

туфайлими унга отасининг ғалати ҳаракатлари ёқмасди. Онаси юборган қўшни хотинларнинг тарвузи

қўлтиқларидан тушиб қайтди. Қиз томон тап тортмай: "Тентакнинг ўғлига қиз бермаймиз",- деган

эмиш. Шусиз ҳам аламидан ўт бўлиб ёниб юрган ўғил бир куни акалари уйда йўқликларида отасини

роса калтаклади. Яхшиямки онаси келиб қолиб: "Отага ҳам қўл кўтарадими, жувонмарг!" - дея ўғлини

косов билан ҳайдаб, эрини ажратиб олди. Тоҳир ака ҳушига келиб, кўзини очганида хотини бошида

йиғлаб ўтирарди. Айбсиз, хўрланган ота тилидан: "Унгин, ўсгин, аммо эл назаридан қолгин", деган

қарғиш қандай чиққанини ўзи ҳам билмай қолди. Негадир шундан кейин Тоҳир отанинг ғалати-ғалати

қилиқлари ўз-ўзидан қолди, кампири билан аҳил-иноқ беҳишт кунларни ўтказиб, паймонаси тўлгач,

бандаликни бажо келтирди. Уни қўни-қўшнилар, элу юрт ҳурмат билан сўнгги йўлга кузатишди... Умрни

оқар дарёга менгзайдилар. Йиллар ўтаверади, ёшлар улғаяди, авлодлар алмашинади. Асрор бошқа

бир қизга уйлангач, ўша нохуш воқеани унутиб юборди. Отасининг даврида яхши касбни эгаллагани

қўл келиб, данғиллама уйлар қурди. Икки қиздан кейин дунёга келган эгизаклар Ҳасан-Ҳусан,

Тоҳир-Зоирларга дабдабали тўйлар қилди. Ҳеч қанча вақт ўтмай қизлари улғайиб ўғиллари ҳам

балоғат остонасига қадам босишди. Асрордек бахтли одам йўқдай эди дунёда. Аммо бир гал

тўшакда хотини: "Баданингизда оқ доғ бор", - деганда сесканиб тушди. Яхшилаб қараса, ҳақиқатан

ҳам бор. Бир ой ичида ўша доғлар аввал қўлига ўтди, сўнг юзига. Мурожаат этмаган доктору табиб

қолмади. Янгича-эскича даво усулларини барисини қилди, лекин бесамар. Ана шундагина унинг ёдига

ота қарғиши тушди. У буни эслаб, ерга муштлаб йиғлади, инграб йиғлади. - Отажон, майиб бўл,

жувонмарг бўл, деб қарғасангиз бўлмасмиди? - оҳ тортди эси кеч кирган ўғил. - Айтганингиздай

униб-ўсдиму, аммо эл назаридан қолдим, отажон. У энди халқ орасига қўшилолмасди.

Тўй-ҳашамларда ҳам жуда камнамо бўлиб қолди. Энг даҳшатлиси уйига совчилар келмай қўйди.

Алпқомат ўғилларига қиз сўраб борган совчилар фақат рад жавобини олиб қайтишди. Шунда Асрор

чидай олмади, тўғри қишлоқ қабристонидаги ота мозорига бориб тиз чўкди-да, ўкириб-ўкириб

йиғлади.

  - Отажон! Майли, мен аблаҳман, аммо набираларингизга раҳмингиз келсин, - дея нола қилди у. -

Майли, мени ўз ёнингизга олинг, аммо невараларингизнинг боши эгик юрмасин. Яратган-у, сизга

нолам етсин, отажон!

  Асрор шашқатор ёшдан ҳўл бўлган юзини қабр тупроғига урар, тупроқни чангаллаган қўллари-ю,

афти-башараси лой бўлиб кетганди. У қабр ёнида узоқ нола қилиб, кўнглини бўшатди. Қоронғида

қайтди-ю, юз-қўлларини ювмай ташқаридаги сўрида ухлаб қолди. Эрталаб уни уйғотган хотини

кўзларига ишонмади. Бир кун олдин эрининг ўзи ҳам жирканадиган юзлари бинойидек бўлиб қолганди.

Лой юқи қўлларида ҳам оқ доғлар йўқ.

   - Дадаси, дадаси, - дерди хотини унинг юзию қўлларига имо қилиб, шундан бошқа сўз тилига

келмасди. Ниҳоят Асрор хотинининг нима демоқчилигига тушунгандай бўлди. Кўзларига ишонмай,

узоқ туриб қолди. Сўнг ўғил-қизлари борлигини ҳам унутиб, ичкарига кирди-да, ечиниб, хотинини

чақирди. Оқ доғлар танасининг бир-икки жойида билинар-билинмас бўлиб қолганди, холос. Бу гап

қишлоққа тез тарқалди. Қариялар: "Астағфурулло, бу ҳам Оллоҳнинг марҳамати-да, Яратганнинг

инояти билан Тоҳирбобо фарзандини кечирибди-да", - дейишди қувониб. Аммо қабристон қоровули

бир нарсага ажабланди. Негадир мозорга келадиганлар кўпайди. Қоровул бунинг тагига етди.

Келаётганлар тупроқ олавериб, Тоҳирбобонинг қабрини ўйиб ташлашибди. Сал ўтмай яна бир гап

тарқалди. Олиб борилган тупроқ оқарганларнинг бирортасига таъсир қилмаганмиш. Шу тариқа

тупроққа келадиган зиёратчиларнинг қадамлари узилди-ю, Тоҳирбобонинг қабрини тинч қўйишди...

МЕҲНАТИМГА ЭМАС, ҚАДРИМГА ЙИҒЛАЙМАН

Бозордан чиқиб, автобекатда ўтиргандим, ёнимга катта ёшдаги аёл келиб ўтирди. Қўлидаги нарса

тўла сумкасини оёқлари остига олди.

  — Чарчадим... Синглим, автобусдан дарак йўқми?

 — Йўқ, энди келиб қолар, - дедим мен.

- Кун ҳам қизиди-да... - аёл рўмолчаси билан елпинди. Юзидаги реза-реза терларни артди.

- Роса чарчабсиз, - дедим мен унинг ҳансираётганини сезиб.

- Э, асти сўраманг... У чуқур нафас олиб, секин гап бошлади. - - Шу кунларда жуда чарчайдиган бўлиб

қолдим. Ёшликда одам ҳеч нимани билмас экан. Ёш ўтгани сайин тинка-мадор ҳам қуриб кетаверар

экан. Билмадим, балки ёшлигимда, куч-қувватим борлигида топган пулларимни ўз рўзғоримга

ишлатганимда ҳозиргидек қийналиб юрмаган бўлармидим?

Эрим билим юртида ўқитувчи, мен эса ётоқхонада хўжалик мудири ёрдамчиси, фаррошлик ва яна

бир-иккита ишни ҳам зиммамга олгандим. Икковимизнинг маошимиз тўртта одамнинг бир ойлик

маошидан ҳам кўп эди. Аммо эримнинг укаси, овсиним, уларнинг икки боласи, жиянлари бизникида

яшашгани учун топганимиз улардан ортмас эди. Қайним эрим каби рассом, ижодкор эди. Эрим уни

ўқитди, ишга жойлаштирди. Аммо у ҳадеганда уй-жой қилай, болаларимни бу ердан олиб-чиқиб

кетай,-демасди.

  Участка олиб, уй ыуриб олдик. Хурсандлигимиз тоғдек эди, лекин эримнинг уруғи яна биз билан

бирга... Бир гал қизлик уйимга борганимда онамга ҳасрат қилдим: "Эримнинг укаси, овсиним,

жиянларининг дастидан на овқатга ёлчийман, на бошқа нарсага, эзилиб кетдим", - дедим. Онам гўл,

содда аёл эди. "Эр юртингни хафа қилма. Ака-уканинг орасига совуқчилик солма. Бир кун улар ҳам

бошпана олиб кетишар, сабр қил", - деди. Онамнинг гапига кириб сабр қилдим.

Эҳ-ҳе, яхшилик қилиб, эримнинг уруғидан нималар кўрмадим, дейсиз? Қайнсинглимнинг қизи

талабалар ётоқхонасида турмай, бизникида турарди. Бир гал манти қозоннинг қопқоғини юзимга

отганди, нақ кўзимдан ўт чиқиб кетди. "Дарахтнинг мўртини қурт ейди",-деганларидек, ювош бўлганим

учунми, муштдек бўла туриб мени умуман менсимасди. Йиғлай-йиғлай ўзимча уни қарғаган бўлдим:

"Илойим, ҳар куни уриб-тепкилайдиган эрга теккин". Тавба, мана ҳозир иккита болали бўлган, эридан калтак емайдиган куни йўқ.

 Хуллас, топганимизнинг бариси эримнинг уруғига кетаверди. Бу орада ўзимизнинг болаларимиз ҳам катта бўлишди. Мана ҳозир ўғлим ҳам, қизим ҳам талаба. Мен иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолдим, эримнинг ҳам ёши элликдан ошди. Бир ўзи ишлайди. Биламан, чарчаяпти, лекин наилож, болаларни

ўқитиш керак. Ўғлим ёзги таътилида қурилишларда ишлаб, ҳарна шартнома пулини бир амаллаяпти.Алам қиладиган томони - бизникида яшаб, бир сўм сарфламай, текин ош, текин жойда ҳузур қилган эримнинг уруғларидан ҳеч қайсиси энди ҳолинг не, демайди. Э, синглим меҳнатимга эмас, қадримга

йиғлайман. Меҳр кўрсатдигу, лекин қадр топмадик. Шулардан орттиролмай, икки хонали уйда қолдик.Агар ўша пайтда онам: "Ҳадеб буларга сарфлайвермай, ҳовли олишга ҳаракат қил, тилла-пилла йиғ,болаларингни эртаси учун у-бу ғамлаб қўй", деганида, ўзим ҳам пишиққина бўлганимда, балки ҳозиргидек эрим ҳам, ўзим ҳам, болаларим ҳам қийналиб юрмасмидик?.. Аллақачонлар ётиб даволанишим керак. Мана, борган сайин соғлиғим ёмонлашаяпти, лекин начора...

 Автобус келди, мен аёлнинг сумкасини кўтаришдим. То ўриндиққа ўтиргунича ҳансираб қолди,шўрлик. Яна реза-реза терларини қалтироқ қўллари билан арта бошлади...

МЕҲРДАН КУЧ ОЛИБ ЯШАНГ!

 

- Газетангиздаги телефон рақамига қўнғироқ қилсаммикан, ёки қилмасаммикан? - дея кўп иккиландим. Аммо, сира иложим қолмагани учун... - гўшакдаги аёл гапни узоқдан бошлади.

- Сабабини айтаверинг, - дедим унга далда бериб.

- Исмим Фарангиз уч нафар фарзандим бор. Ўн етти ёшимда турмушга чиққанман. Тўғри, ота-онам

топган йигитга турмушга чиққан бўлсам-да, уни кейинчалик севиб қолдим. Эрим ёмон йигит эмасди.

Меҳрибон, болаларимнинг ғамхўр отаси эди... Жудаям бахтли эдим, бундан баъзан қўрқардим, - дея

сўзини давом эттирди ўзини Фарангиз дея таништирган аёл.

- Ҳозир-чи?

- Ҳозир эса...Изтироб ва аламнинг ўртасидаман.

- Ҳаммасини бошидан гапириб беринг-чи!

- Эрим катта бир дўконда ишлайди. Яхши даромад қилгани учун мени ишлатмай қўйган. Ўзим ҳамшира эдим. Ишимни жуда яхши кўрардим. Турмушга чиққанимдан сўнг уйдагиларнинг раъйига қараб ишдан бўшадим.

Қайнонам-қайнотам меҳрибон кишилар. Қайнотам ҳомиладор бўлган пайтларимда, "Оғир кўтармасин",- деб ҳовлига сув сепиш учун енгил челакчалар олиб келиб берган. Қайнонам эса катта

кирларимни ўзи чайиб берарди. Эрим-ку, еру кўкка ишонмас, ҳар куни тансиқ нарсалар кўтариб

келарди. Балки эрим билан ажрашиб кета олмай ҳануз унинг уйида яшаётганимга шу меҳрибон

инсонларнинг борлиги сабабдир?

- Нима учун ажрашмоқчи бўлгансиз?

- Икки фарзандим туғилгунча мендан-да бахтли аёл йўқ эди. Кейин қизим туғилди. Ҳозир қизалоғим уч

ойлик бўлган. Эримнинг аста-секин кеч келаётганини, телефон жиринглаб қолса ким биландир гаплашиб ғойиб бўлаётганини сезиб қолдим. Сўрасам:

- Э, хавотирланма. Ишим чиқиб қолди-да, ҳозир келаман, - дея кийиниб чиқиб кетарди. Бир куни боламни аравачага солиб кўчада айлантириб юрсам, яқинда кўчиб келган қўшнимизнинг уйи олдида

эримнинг машинаси турибди. Мен дарахт ортида туриб машинани кузата бошладим. Бироздан сўнг

эрим ўша ҳовлидан бир аёл билан чиқди. Сўнг юкхонадан мева-чева, нонлар солинган халталарни

олиб аёлга берди. Аёл кўкраги очиқ узун мовий рангли халат кийиб олган кўркамгина эди. У ноз билан

эримга нималардир деди. Кейин эрим унинг елкасига қоқиб қўйди -да, машинага ўтирди.

- Эрингиз уйингизга келдими?

- Ҳа, у машинани кўчада қолдириб, уйга кириб кетди. Мен ҳам ортидан кирдим. Кўчадан кирганимни

кўриб ранги ўзгарди, лекин сир бермади. Охири кечқурун "портладим". Эрим эса пинагини бузмай

кулиб юборди.

- Ўзини оқладими ёки...

- Йўқ, жаҳли чиқди. "Ахир у аёлнинг иккита боласи бор. Эри йўқ. Ҳозир ёрдамга муҳтож экан. Мен

унинг боласини касалхонага олиб бориб келдим. Қўшниларга мурувватли бўлишимиз керак-ку! Сен

бўлсанг шубҳага бориб ўтирибсан-а?" - дея мени койиди. Мен ҳам кўнгандек бўлдим.

-Кейин-чи, муносабатлар давом этавердими?

- Кундан-кунга очиқчасига эрим у аёл билан борди-келди қила бошлади.

- Уйингиздагилар буни билишдими?

- Билишди. Роса эримни койишди. Ҳатто қариндошларимиз ҳам бундан хабардор бўлишди.

Қайнона-қайнотам эса қўлларидан келганча менга тасалли беришарди. Кўнглимни олишга ҳаракат

қилишарди. "Эр бермоқ—жон бермоқ", - деганлари рост экан. Аламимдан эзилиб бир куни кетишга

отландим. Лекин чолу кампир кўзларига ёш олишиб роса ялинишди. Шуларни деб қолишга мажбур

бўлдим. Лекин аёл сифатида кўрган хўрликларимга чидай олмайман.

- У аёл шунчалик гўзалми?

- Йўқ, лекин очиқ-сочиқ кийинади. Мақтанмоқчи эмасману, умримда ҳатто лабимни ҳам бўямаганман.

Табиий гўзалман. Айтсам ишонмайсиз. Уч нафар боланинг онаси бўлсам ҳам баъзан бозорга бориб

қолсам йигитлар гап отишади. Бир марта бир йигит менга роса ошиқ бўлиб, изимдан пойлаб

уйимизгача келиб, кўриб кетибди-да, кейин ота-онасини совчи қилиб юборибди. Яхшиямки уйда ҳеч

ким йўқ, мен айвонда, бешикдаги боламни эмизиб ўтиргандим. Уларни меҳмон деб ўйлаб кутиб

олдим. Мақсадларини эшитгач, уларга уч болам борлигини, бешикдаги кенжам эканлигини айтдим.

Совчилар эса кечирим сўраб чиқиб кетишди. Эрим эса ёши катта, икки болали бегона аёлга мени

алмаштириб ўтирибди, - деди аёл хафа бўлиб.

  У гапираркан гўшакдан гўдакнинг йиғлаган овози эшитилди. Суҳбатимиз эса узилди. Уч фарзанди

билан икки йўл ўртасида қолган аёлни тушундим. Гулдек болалари, аёлини камситиб, ота-онасини

уялтираётган эркакдан нафратландим. Фарангизга эса: Фарзандларингиз кўнгли учун, уларнинг ҳам

бахти ярим бўлмаслиги учун ажрашмаганингиз маъқул. Болаларингизга ота меҳри керак. Уларни

боқа олишингиз мумкин, лекин кўнгилларидаги кемтикни тўлдира олмайсиз! Ажойиб

қайнона-қайнотангиз бор экан, шулардан мадад, меҳридан куч олинг. Иложи бўлса ишга киринг,

чалғийсиз, - дея маслаҳат бердим. Азизлар, бу аёлга сизлар нима деган бўлар эдингиз?

                                                                    Б.ДЎСМАТОВА.

 

Просмотров: 23826 | Добавил: agent007 | Рейтинг: 0.3/66
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Март 2009  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024 Бесплатный хостинг uCoz