. ЮМОРИСТИК ҲИКОЯЛАР Асар кимники? - 4 Июня 2014 - ZAMON маданий-маърифий сайти
дунё ўзбекларининг маданий-маърифий сайти
Понедельник, 20.05.2024, 03:04
ГлавнаяРегистрацияВход Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Июнь » 4 » ЮМОРИСТИК ҲИКОЯЛАР Асар кимники?
21:15
ЮМОРИСТИК ҲИКОЯЛАР Асар кимники?

Шукуржон ИСЛОМОВ

ЮМОРИСТИК ҲИКОЯЛАР

Асар кимники?

Илгари билими бор илм қилган бўлса, ҳозир шароити бор илмий иш қиляпти, деб ҳисоблайди кўпчилик.

Ҳақиқатан, ҳамёнингиз қаппайган бўлса, ҳар қанақа асарни бир зумда ёзиб берадиганлар сероб.

Лекин мен битта одамни учратганман – уни ҳақиқий китоб титиб, тиришиб ўқиб асар ёзган деб қўрқмай айта оламан. Мана тасаввур қилинг, бирор соҳада бирор нарса ёзмоқчи бўлсангиз, мавзу номини шарт интернетга киритасиз – бир дунё китоб тақдим қилади. Айниқса табиий фан соҳа олимларига қулай бу. Инсофи борлари сал-пал уёқ-буёғини ўзгартириб ёзади. Бир олим ёзган диссертациянинг тескарисини ёзиб яна биттаси олим бўлиб кетибди. Адиб Абдулла Қаҳҳор айтгандек “бўрининг тишига сера кислотасининг таъсири”ю , “бақанинг асаб системаси” бўйича ҳам анча-мунча билимлар тўпланиб қолди.

Лекин у одамни кўпчилик танимайди. Билганлар уни Тахтахўжаев дейишади, аслида Тўхтахўжаев бўлса керак. Хонасида китобларга кўмилиб ўтирадиган одам.

Шу Тахтахўжаев бир нарса устида изланиш олиб бораётган экан. Мавзуси: адабий асарни ўқиб муаллифи кимлигини аниқлаш. “Китоб муқовасига қараб аниқлаб қўя қолса бўлмайдими”, деб сўрадим. Кейин у мавзунинг аҳамиятини тушунтириб кетди роса, барибир тушунмадим, сизга айтсам ҳам барибир тушунмайсиз.

Муҳими, мен унинг тадқиқоти билан танишдим. Баъзи жойларида асар муаллифини аниқлашда ноаниқликлар ҳам мавжуд экан, ҳали тадқиқот давом этади. Сизга ҳам айрим қисмларини тақдим этмоқчиман, кўринг-чи..

Демак, бошладик:

Агар илмий муаллиф ўқувчига сенсираб мурожаат қилса, Беруний ё Ибн Синоники.

Агар “эй фарзанд” деб мурожаат қилса, Кайковусники.

Шеърда мабодо “галдир” сўзи учраса Чўлпонники.

Агар асар воқеалари ўта совуққонлик, қисқалик ва бетарафлик билан ҳикоя қилинса ва қаҳрамонлар ақлли сўз ўйинларию истиоралар билан сўзлашишса, улуғ ёзувчи Абдулла Қаҳҳорники.

Асарни ўқиб бўлиб эски Тошкентнинг тор, чанг кўчаларида Хадрадан Говкушга қараб йўл четидаги чўққисоқол чолларнинг “вой, хувори”, “хумпар”, “қўй, чироғим” дейишларига қарамай ғизиллаб югураётган кир иштонли болачалар эсингизда қолса ва воқеалар ҳар куни такрорланадигандай бўлса, улуғ адиб Ойбекники.

Замонавийроқ ғазал “нур” билан якун топса, Чустийники.

Агар асардаги ҳар бир саҳифада 20 талаб мақол ва иборалар учрагани етмагандай, бобларнинг номи ҳам мақолдан ташкил топса, атоқли адиб Шуҳратники.

Аслида бадиий саналган асарда Ғафур Ғулом, Усмон Юсупов каби тарихий шахслар ҳам кўриниб қолса Саид Аҳмадники.

Асар аниқ бирор бир касб-соҳага бағишланган бўлиб, салбий қаҳрамон асосан нопок зиёли бўлса Пиримқул Қодировники.

Шумгина болакай оила аъзоларини бувижоним, ойижоним, дадажоним деб чақирса Худойберди Тўхтабоевники.

Асарнинг хушрўй қаҳрамонлари гўзал манзараларда тасвирланса ва ҳаттоки уларнинг исмлари ҳам чиройли танланган бўлса Ўлмас Умарбековники.

Эҳтиросли асарнинг эҳтиросли қаҳрамони тез-тез бокира ва покиза хаёлларга тутқун бўлиб турса, “начора”, Ўткир Ҳошимовники.

Асарнинг салбий қаҳрамони қаерда яшашидан қатьи назар Бухоро шевасида бийрон гапирса Неъмат Аминовники.

Агар асарни биров бемалол жойлаши-иб ўтириб олиб, дўстона тарзда ҳикоя қилиб бергандек туюлса, бу Шукур Холмирзаевники.

“Бошқача”ни бошқача қилиб “дигаргун” деб ёзилган бўлса куюнчак ёзувчи Нусрат Раҳматники.

Катта катта ижодий давралардаги ҳазил-ҳузул гапларни мароқ билан ўқисангиз Шодмон Отабекники.

Агар асарда хатбошилар жуда кўп бўлса, жуфт равишлар (ишлаб-ишлаб, ўйнай-ўйнай) ҳам кўп қўлланса, Тоғай Муродники.

Аксинча, агар асарда хатбоши икки-уч варақда биттагина учраса ва диалоглар камёб бўлса Нурали Қобулники.

Асарни ўқиб сал хавотирга тушсангиз Омон Мухторники.

Асар қаҳрамонларига нисбатан енгилгина киноя билан ёзилган бўлса ва бир қаҳрамон бошқа бир асарда ҳам ўз характерию галатепадаги уй-жойи билан кўриниш берса Мурод Муҳаммад Дўстники.

Асар қаҳрамонларига нисбатан аччиққина киноя билан ёзилган бўлса Эркин Аъзамники.

Шеърда “кангул” ёзилган бўлса шоир Икром Отамуродники.

Шеърбоп чиройли сўзлар орасидан лоп этиб қишлоқча, тўпори сўзлар чиқиб қолса ва шеърда май сал пал эсланса Муҳаммад Юсуфники.

Агар асарда ҳали бирорта луғатга киритилмаган сўзларни (расмойна, зинайўлак, боғкурси) учратсангиз ва Олтиариқ бодринги таъмини сезсангиз, шубҳасиз, Анвар Обиджонники.

Шеърда классик шоирларга (Навоий, Бобур, Фузулий в.б) ссилка берилса Хуршид Давронники.

Агар асарга фақат Қўқон атрофидагилар ўзгартириб қўллайдиган сўзлар (ҳадим, паянник, каранда.....) аста-секин ўрмалаб кириб келаётган бўлса Саид Анварники

Агар асар қаҳрамони (қаҳрамон бўлгандаям ҳақиқий қаҳрамон) беш-ўн каллакесарлар чангалидан абжирлик билан омон чиқса ва ҳеч ўқ тегмаса Нуриддин Исмоиловники.

Агар асарда бировга айтишга уяладиган жойлари ҳам батафсил ёритилган бўлса бу Оллоёр Бегалиев ё Ҳабиб Темиров ёхуд Солиҳ Қаҳҳорники.(изланишлар давом этади)

Лирик шеърда техникага оид (авто, аэро) атамалар учраса Умида Абдуазимованики.

Кўнгилни айнитиб юборадиган манзаралар ҳам “чангини қоқмасдан” тўғридан тўғри тасвирланган бўлса истеъдодли ёзувчи Саломат Вафоники

Шеър ё достонни ўқиб тушунмасдан ваҳимага тушсангиз Фахриёрники.

Агар истеъдодли ва бетакрор адиблару ажойиб, дилбар шоиралар ҳақидаги мақолани ўқиб, ажиб бир ҳис ва ҳайратларга ошно бўлсангиз, бу мақола таниқли журналист Исмат Хушев томонидан ёзилган.


Изланишларимиз давом этяпти...


Фойдали маслаҳатлар

Баъзан сизда ҳам бўладими шунақа ҳолат: гўёки айнан бир воқеа аввал ҳам бошингиздан ўтгандай туюлади. Масалан, ошхонада газни ўчирдингиз, шу пайт бурчакдан сичқон югуриб ўтди ва айнан ҳозир қўшнининг боласи гугурт сўраб чиқади. Шунақа ҳолатда энди нима рўй беришини элас-элас тахмин қилиб турасиз ва ... тўғри чиқади. Тағин мени экстремист, э, йўғе, экстрасенс деб ўйламанг. Кўпчилик қатори ойликни ойликка учма-уч тақаб етказиб юрувчи оддий олий маълумотли мутахассисман холос.
Эрталаб нонушта пайтида аям гапириб қолди:

- Лимон олиб келгин. Давлениям ошяпти.

Демак биттамас икки-учта лимон. Кейин хотиним:

- Тухум олиб келиш эсингиздан чиқмасин. Бу жуда тухумга ўч бўлган, - деб тўрт яшар ўғлимни кўрсатди. – Қизчамизга бўлса сут.

Ҳа айтгандек бир яшар қизчамиз бор. Уч тўртта сўзни айта олади. Пастда иккита, юқорида тўрттагина тишчаси бор. Ҳамма дастурхонга “омин” қилса, у ҳам қўлини юзига суртади. Ҳамма кулганда, ҳеч нарсага тушунмаса хам қийқириб кулади.

Ишга жўнадим. Ойликкача бир ҳафта бор. Битта ўртачароқ лимонни иккита ноннинг пулига беради. Агар ишхонада “обед” қилмасам тежалган пулга учта лимон ва иккита тухум олишим мумкин.. Лекин сутга пул қолмайди. Хўш, агар сут олсам-чи. Унда аям билан ўғлимга ҳеч нарса ололмайман. Битта лимон, иккита тухуму яна озгина сут... бачкана бозорлик. Лимонни-ку доналаб сотади, тухумниям икки дона олармиз, аммо сутни банкага қуйиб оламанми ё баклажкагами? Озгина нарсани-я.

Шунақа ўйлар билан кунни кеч қилдим. Обед пулини навбатдаги йиғди-йиғдига тўлаб юбордик. Уйга қайтяпман автобусда, хаёлимда лимон, тухум, сут. Ие, анави дискнинг устига лимон расми туширирлган экан-да. Қаёққа қарасам МТС рекламасида оппоқ каттагина тухумнинг расми. Кўчада уй оқлаётган бўёқчилар пақиридаги суюқлик худди қаймоғи олинмаган қуюққина сутга ўхшайди.... Лимон ҳмм, сариқ бўлади, тухум билан сут оқ... биттаси ўсимлик маҳсулоти, иккитаси ҳайвон маҳсулоти... Шулар менга керак...
Уйга ҳалиги нарсалар ўрнига “эртага” деган ваъдани кўтариб бордим. Кутишади-да энди сал кейинроқ бўлади. Мени ўқитган, қуруқ арзимас ойликли ишхонага жойлаган дадам ва аямнинг ўзлари ахир. Хотинимда ҳам айб бор. Биров бировни “илоё кунинг ойликнинг ўзига қолсин”, деб қарғайдиган пайтда шу қарғишга нишон бўлган – менга тегаб нима бор эди... Аммо барибир лимон, тухум ва сут сотиб олганимда зўр иш бўларди-да...
Шу ўйлар билан уйқуга ётдим. Аммо барибир хаёлда...

Эрталаб, биласиз, телевизорда “саломалайкум” деган нарса кўрсатилади. Биз ҳар куни эрталаб нонушта пайти шуни оилавий кўриб ўтирамиз. Қўшиқлар, янгиликлар, турли қизиқарли маълумотлар берилади. Аввал ваҳимали ҳабарлар эшиттирилгандан сўнг бир чиройли қиз чиройли машинанинг рулида ўтирганча шу машина тўғрисида гапирди. Талабалар ўқишга шу машинада боришни афзал кўришаркан. Вақтни тежаркан, бу тежалган вақтни кутубхонада илм олишга сарфлаш мумкин экан. Ундан сўнг эса маслаҳатлар саҳифаси бошланиб экранда дўмбоққина бека намоён бўлди. Қўлида қийматахта ва лимо-он, ўҳ ана.

- Азиз уй бекалари. Биз ҳозир сизларга сабзавот ва гўшт тўғраш тахтачасини тозалашнинг осон усулини ўргатамиз. Маълумки унда маҳсулотни тўғраганингизда қолдиғи қолади ва уни кетказиш осон иш эмас. Ундан нохуш ҳид келиши ҳам мумкин.

Мен шу пайт қўшнимизнинг бепарвороқ бир келинини эсладим. Тахтачасини кўриб, икки кун илгари қанақа овқат қилганини аниқласа бўлар эди.Экрандаги бека бўлса лимонни шарт кесиб иккига бўлди.

- Сиз бунинг учун бир дона лимонни кесасиз-да, шу билан тахтачани тозалайсиз, - деб тахтачага ишқаб кетди-я. Эссиз лимон, дедим.
Шунда хаёлимга ярқ этиб ҳозир тухум билан сутни кўрсатмасмикан, деган фикр келди.

- Мана тахтачамиз ярқираб турибди,- дея экранга тиқиштирди тахтачани.

Энди иккинчи маслахатга навбат.

- Туфлингиз кир бўлиб қолдими? У аввалги жилосини йўқотдими? Қанча тозаламанг илгаригидек ялтирамаётирми? Ғам еманг, ҳозир пойафзалингизни тозалашнинг ўзига хос йўлини ўргатамиз.

Шунда экранда тухум ва сут кўринди.

Эҳ, ана айтмадимми!..

- Энг аввало битта тухум оласиз, уни чақиб сут билан аралаштирасиз. Ҳосил бўлган аралашмага тоза салфеткани теккизиб шу ёрдамида пойафзални тозалайсиз.


Энди билдингизми?

- Қарабсизки, у аввалги жилосини тиклаб, яна янгидай бўлади-қолади...
Нонни чой билан еб ўтирган дадам менинг ўйларимни сезиб ўтирибди шекилли:
- Қўявер ўғлим, бу телевизорни сотиб юбориш керакка ўхшайди,-деди. –Нуқул қаёқдаги маслаҳатларни беради.

- Ҳақиқатдан ҳам,- дедим мен. – Тўғри айтдингиз дада, телевизор яхши ишламаяпти. Кеча об-ҳавониям нотўғри айтди.

Шунда ҳаммамиз бирданига кулиб юбордик. Айниқса қизчам ҳеч балони тушунмаса ҳам олтита тишчасини кўрсатиб маза қилиб кулди.

Оғиримиз енгил бўляпти

Баъзан ҳар хил одамларнинг нолишини эшитиб қоламиз: ҳаёт оғирлашиб кетяпти, кун кечириш оғир, ҳаммаси оғир... Бекор гап. Менимча ҳаёт оғирлашиб эмас, аксинча, енгиллашиб кетяпти. Ҳа, енгиллашяпти. “Бўлмаган гап”, дейсизми? Хўш, айтингчи, ҳаётимизда нарса-буюмлар алоҳида ўрин тутадими? Келинг, шундан гаплашайлик.

Оддий мисол: ҳў аввалги замондаги машиналарни эсланг, “Волга Газ 21”, “Победа”. Ёки юк машиналари, қанақа оғир эди, неча тонналаб юк босарди? Эшигининг ёпилиши оғирлигини айтмайсизми? Қарс этади – ёпилмайди, тарс этиб бор куч билан урасиз. Энди шу машиналарни “Тико” ё “Дамас” билан солиштиринг. Тико жонивор 500 кг ҳам чиқмайди. Эшигини сал туртиб юборсангиз қирс этиб ёпилади-қолади. Сал бақувватроқ одам кўрсаткич бармоғи билан ёпгани маъқул, акс ҳолда... э, борингки, енгил-да. Тормози ишламай қолса, оёғингизни эшикдан чиқариб тўхтата қоласиз.
Хў-ўш, энди уйга кирайлик. Уйда нима бор: шкаф, жавон, диван, стол-стул, каравот. Илгариги мебелсозлар бари Турғуневнинг Герасимидек бақувват бўлганми, нима бало, ясаган битта шкафини оғирлигидан олти киши зўрға кўтарарди. Диванни-ку уйга қўясиз – тамом, жойиниям ўзгартирмайсиз, кўтаргани маҳаллани чақириб зарур келибдими? Бугун-чи? Тасаввур қилинг: тўйдан уч-тўрт кун олдин келиннинг мебели куёвникига юк машинада юборилди. Аксига олиб куёвникида эркаклар тўй ташвиши билан қаёққадир чиқиб кетган. Ана шунда куёвнинг опаси диванни, синглиси трюмони шартта кўтариб, машинадан тушириб, уйга олиб кириб қўйишади. Чунки ўша матоҳлар енгил-да.

Кеча, томда телевизорнинг антеннаси шамолда қийшайган экан, шуни тўғрилаётгандим, кўчада қўшнимизнинг энди мактабга кирган ўғли бир қўлтиғида магнитофон, иккинчи қўлтиғида телевизор кўтариб чопқиллаб кетаётган экан. Бола қоқиниб тушса, шунча пуллик нарсалар синади, дедиму:
-Ҳой, Раҳматқул, -деб бақирдим. –Секинроқ юр, қўлингдагини ту-ширворма.
Бола менга бир қараб чап қўлтиғидагини ўнг қўлига олди-да, енги билан бурнини бир артиб йўлида давом этди. Э, қойил. Илгариги телевизорларни кўтаргунча белинг майишиб кетарди. Ҳозиргиларини икки бармоғингда кўтариб, “ичида бирор нарсаси борми ўзи?” деб қўясан.
Имтиҳонларни айтмайсизми? Барака топишсин уяли телефонларни ўйлаб чиқарганлар. Имтиҳон топшириш бирам енгиллашдики! Илгариги имтиҳонларнинг оғирлигини эсламай қўя қолайлик – юзлаб ўқитувчилар, абитуриентлар неча кунлаб овора. Ҳозир уч соатда тест топшириш енгиллигини ҳамма бот-бот такрорлаяпти. Имтиҳон енгиллигидан ҳамма эплаяпти, улгуряпти барчасига. Айниқса, чўнтаги енгиллашиб қолган домлаларни калласида билими сал енгилроқ болаларнинг оталари қўллаб юборганлари кўп учрайди. Ҳар икки томон ҳам бир енгил тортиб олади ўшанда.
Мана “Шарқ юлдузи” журналини олайлик. Ёки “Ёшлик”ни, ё “Муштум”ни. Илгари неча саҳифа бўлган? Ҳажми қанча-ю, оғирлиги қанча бўлган? Тиражини ҳар бир сонининг оғирлигига кўпайтириб кўринг-чи, неча тонна чиқаркан? Филлар карвониям бунақа қоғоз юкнинг оғирлигини кўтаролмай шалпайиб қоларди. Ҳозир “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”лар миттигина бўпқолган. Ҳам бўйига, ҳам энига, ҳам қалинлигига қисқаришган. Енгилгина. (Баъзилари енгиллашиб-энгиллашиб кўринмай кетди.) Нашрнинг ҳамма сонини тўпласангиз битта эшак кўрдим демай кўтариб кетади. Э, айтгандай, китобларни унутибмиз-ку! Авваллари қаттиқ жилдли “Тўла асарлар тўплами” деганлари бор эдики, битта китоб билан нозикроқ одамни бир уриб ўлдирса бўларди. Ҳозир ана бозор четида раскладушкалардаги китобларни кўринг, кўзингиз қувнайди. Шабада эсса, учиб кетмасин, деб тошча бостириб қўйиб жуда тўғри қилишади.

Бир ҳазми оғир мақолалар босиларди-эй ўша пайтларда. Бадиий асарларни ўқиш оғирлигини айтмайсизми? Йигит ва қиз учрашиб олгунича юрагинг сиқилиб кетади ўқиб. Ҳозир унақа эмас. Ҳазми оғир газеталар ўрнини енгил нашрлар эгаллаган. Ҳар бирида тўрттадан кроссворд, уларни ечиш бирам енгилки. Мана қаранг: “Эчкининг эри”, “Оналар қўшиғи”, “Машинасозлар шаҳри”, “Ўзбекистоннинг пойтахти”. Ҳам билимни чархлайсиз, ҳам олам-олам завқ оласиз. Ҳазми оғир бадиий асарларни ҳеч ким бугун ўқимайди. Ўрнига енгил-энгил ҳикоялар ёки ҳикоясимонлар ёзиляпти. Йигит ва қиз ҳам бирпасда топишиб қолишади, чунки уларнинг оёқлари енгил-да. Муаллиф ҳам ўқувчига енгиллик яратиш мақсадида бўлса керак, биров бировга айтишга уяладиган жараёнларни ҳам икир-чикиригача ёритади. Енгиллик яратиш бўлса шунчалик бўлар.

Айниқса кино ишлаш енгиллашганини айтмасак бўлмас. Замонавий аппаратураларни қўя турайлик, кино ишлаш тезлиги борасида фақат Ҳиндистонга етолмаяпмиз. Ҳиндистон бир кунда иккита кино ишларкан, биз уч кунда битта ишлаймиз. Киноларимизнинг мазмуни унча оғирмас – бир марта кўрсангиз етади.

Ҳай-ҳай, бизнинг қўшиқчиларимиз! “Енгил-елпи” қўшиқлар деб танбеҳ беришади-ю, лекин бу унчалик ёмон гапмас. Бўлмаса, айтинг-чи, нима учун классик ашулаларни “катта ашула” дейишади? Катта нарса оғир бўлади-да. “Оғир”и бўлдими, “енгил”иям бўлиши керак. Қўшиқчиларимиз ҳам саҳнада дам уёқда, дам буёқда пайдо бўлишади, оёқлари енгил-да. Ўша оёғи енгил хонанда қизларимиз саҳнага қишдаям бир енгил кийиниб чиқишадики..
Ҳали кў-ўп гапирсак бўлади-ку тўхтата қолайлик.
Кўрдингизми, бугун енгил нарсалар кўпмикан ё оғирими? Ҳаммаси оғирлашиб кетяптими ёки енгил тортяптими? Тобора енгил тортяпмиз-ку ахир.


 

Просмотров: 1403 | Добавил: agent007 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Июнь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024 Бесплатный хостинг uCoz