. АБУЛФАЙЗ БАРОТОВДАН ҲАЁТИЙ ҲИКОЯТЛАР - 5 Июня 2014 - ZAMON маданий-маърифий сайти
дунё ўзбекларининг маданий-маърифий сайти
Понедельник, 20.05.2024, 02:39
ГлавнаяРегистрацияВход Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Июнь » 5 » АБУЛФАЙЗ БАРОТОВДАН ҲАЁТИЙ ҲИКОЯТЛАР
09:08
АБУЛФАЙЗ БАРОТОВДАН ҲАЁТИЙ ҲИКОЯТЛАР

АБУЛФАЙЗ БАРОТОВДАН ҲАЁТИЙ ҲИКОЯТЛАР

stixiТУРФА ҲАНГОМАЛАР

ЧИЛАНГАР ВОВКА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ СИГИРЛИ БЎЛГАНИ ҲАҚИДА

Ўзбекчани сувдек ичадиган Жиззахлик Володяни дўстлари,таниш-билишлари ёшликдаги исми билан Вовка деб чақиришади. Вовка станогингда менга фалон нарсани ясаб берсангчи,Вовка сенга бир илтимосим бор эди…..У эса илтимосларни сираям рад этмайди.Шунинг учун барча уни ҳурмат қилади.
Ана шу Вовканинг чорвачиликка ишқи тушиб қолди.”Чилангарлик касби билан кун ўтказиш тобора қийин бўлаяпти?”-деб ўйлади у.-Яхшиси мол,қўй сотиб олиб бўрдоқига боқаман,бойиб кетишим аниқ.
Кўнглидаги гапини дўсти Гришага айтди.Дарроз Гриша дўстининг гапларига бироз қулоқ солиб турди-да, сўнгра насиҳатомуз деди:
-Иккита тана билан қўчқорча сотиб оламан деяпсанми? Сен Вовка сигир билан туянинг фарқига бормайсан-у… Қулоқ сол. Тана икки хил бўлади. Урғочиси ва эркаги.Қўчқорча деганинг танадан кичикроқ ҳайвон. Олаётганингда уларнинг тагига ва шохига назар сол. Бўрдоқи бўладиганларнинг ҳалиги сабили белида бўлади.
Дўстидан яхшилаб сабоқ олган Вовка Жиззах шахрининг Саройлик маҳалласидаги бозорга йўл олди. Даллолларни ишга солиб иккита эркак тана ҳарид қилди. Аввал уларнинг шохига, кейин эса энкайиб тагига разм солди. Лекин таналарнинг бел қисмида нима бўлишига ақли етмади. Навбат қўчқорчага етганида ўйланиб қолди. ”Уни ўзим сотиб олсам-чи. Хеч қанақанги қийин жойи йўқ экан. Даллолга берадиган пулимга пиво ичаман.”
Вовка таналарни даллоллардан бирига ушлаб туришини илтимос қилди-да, бозор оралаб кетди. Бир чол урғочи бузоқчани ушлаб турарди. Қараса, бузоқча танадан анча кичик . ”Қўчқорчаси шу бўлса керак?”-деб ўйлаган Вовка:
-Хой бобой! Қўчқорча неча сўм бўлди?- деди юзига жиддийлик бағишлаб.Чолнинг аччиғи чиқди. Бу одам мени калака қилаяпти деб ўйлади. Бузоқчанинг нархини икки баробар қилиб айтиб юборди.Чолга пул жуда зарур бўлиб қолганлиги сабабли, биронта ҳаридор бузоқчани сигир қилиб боқиб олиш учун сотиб олар, деб бозорга олиб чиққан эди. Қараса, манави ҳазилкаш эси паст ўрис чиндан ҳам у айтган пулни бераяпти. Негадир бузоқчанинг тагига ва шоҳига қарийди яна.
Бозордан қайтган Вовка машинадан таналарни туширар экан, унга ёрдамлашаётган Гриша :
-Қўчқор сотиб олмадингми?-деб сўради.
-Кўз борми сенда ўзи?- деди Вовка.-Ушлаб турганинг қўчқорчаку…
Гришанинг аччиғи чиқиб кетди.
-Қанақасига бу қўчқорча бўлсин. Урғочи бузоқ-ку, бу. Сен аҳмоққа олаётганда тагига қара демабмидим.
-Сен айтгандай уларнинг тагига ҳам шоҳига ҳам қарадим. Тагида нима бўлиши керак эди ўзи?
-Бало бўлиши керак эди?- Жиғибийрони чиқди Гришанинг.эркагининг чоптирадигани белида бўлади, деб сенга яхшилаб тушунтирган эдим-ку. Қарагин, бунинг думбачаси ҳам йўқ. Боқавер энди, сигир бўлади, сутини ичиб юрасан.
Орадан бир неча йил ўтиб бузоқча сигир бўлди. Бола туғиб берди. Вовка бу воқеани ҳар гал эслаганида саройлик чолдан ранжигандек бўлар, сигир сутини мазза қилиб ичаётган болаларини кўрганида эса чолга раҳматлар ҳам айтиб қўярди.


 

****

Бу сирли дунё.

ПАРИЛАР ТАШРИФИ

Қувондиқ Ёқубов Самарқанд вилояти Булунғур туманининг “Қирқ Аҳмад” фуқаролар йиғини ҳудудида яшайди. У билан Зарбдор туман Бўстон шахарчасида яшайдиган укаси Рахмонқул Ёқубовнинг уйига меҳмонга келганида танишиб қолганмиз.У бошидан ўтган ушбу воқеани гапириб берганди.
Кутилмаганда бедаво дардга чалиниб, бормаган табибим, учрашмаган шифокорим, ётмаган касалхонам қолмади. Табиб-у шифокорлардан биронтаси касалимни аниқлай олмадилар. Турли хил ташҳислар қўяр, муолажа қилишар лекин мен шифо топмасдим.
Кундан кунга қовжираб сўлиб борардим. Тузалиб яшаб кетишдан умидини узган шифокорлар уйимга жавоб беришди. Тақдирга тан берганман. Ростини айтсам бу дунёда ўз ўлимингни кутиб яшашдан оғир азоб бўлмаса экан. Кечалари ётган ўрнимдан қайта турмай шу алфозда ўлиб қолмай деб букчайиб ўтирганимча болишни қучоқлаб ухлашга ҳаракат қилардим. Буни уйқу дейиш қийин,салгина пинакка кетаман,ҳолос.
Ғалати касаллик. Вужудимда менга азоб берадиган оғриқ дегани мутлақо йўқ. Мутлақо овқатдан қолганман, томоғимдан сув ҳам ўтмайди. Хотиним шўрлик ҳар куни эртадан кечгача ,”жон дадаси бир қошиққина сут ичинг, қувват бўлади”,-деб ёлворгани ёлворган.Унга бошимни чайқаганимча жимгина рад жавобини бераман.Секингина оғиб бораётган умрим кунлари-ю тунлари шу зайилда ўтар, тақдиримга тан берганимча бамайлихотир ўз ўлимимни кутар эдим.
Ана шундай кунларнинг бирида ярим кечаси чироқ ёнмасада, уй бирдан ёришиб, эшик овозсиз очилди-да, хонам рўмол ўраган аёллар билан тўлди.
Улар 25-30 нафар эди. Бўйинлари аралаш қошларигача бостириб рўмол ўраб олган, кўйлаклари енгидан фақат қўлларининг панжаларигина кўриниб турган бу аёлларнинг бари беқиёс даражада гўзал эдилар. Ёнимда эса гўзал ёш бир қиз ўтирарди.У дона-дона қилиб шундай деди:
-Бизлар сизни олиб кетгани келдик.У томонда (афтидан нариги дунёни айтди) роҳат-фароғатда яшайсиз.Фақат рози бўлсангиз бас.
Беихтиёр тилга кирдим:
-Қизим, хали бу дунёда менинг қиладиган ишларим кўп.Ўғлимни уйлантиришим, қизимни узатишим керак.Менсиз хотинимга қийин бўлади.
Шундай деб йиғлаб юбордим. Қиз жимгина менга қараб турди-да,:бизлар яна келамиз!”-деб жойидан турди.Эшик яна сассиз очилди.Улар ҳудди нурдек қуйилиб чиқиб кетишди.Ўзимга келдим. Қоп қоронғу уйда ҳамон букчайиб ўтирибман. Ёнимдаги болаларим, нарироқда ётган хотиним деразадан тушиб турган хира нур ёруғида зўрға кўзга ташланарди.
Бу қандай синоат бўлди? Мижжа қоқмай тонг оттирдим. Кўнгилларига ғулғула тушмасин деб бу воқеа ҳақида уйдагиларга лом- мим деб оғиз очмадим.
Уч кундан кейин ярим тунда улар яна келишди. Уй ҳар доимгидек ёп-ёруғ эди. Йигирма бештами-ўттизтами аёллар тизилишиб жимгина ўтирибди. Бўйинларида ҳам, рўмоларининг учларида ҳам сон саноқсиз турли хил тақинчоқлар.
Яна ўша гўзал қиз дона-дона қилиб деди:
-Бир қарорга келдингизми? Бу азоб уқубатлардан бир йўла қутилганингиз тузук эмасми? У ёқдаги ҳаёт бу ердагига қараганда қанчалик яхши эканлигини бир тасаввур қилсангизчи?!
Яна йиғладим. Бу дунёни ташлаб кета олмаслигимни, фарзандларим холи нима кечишлигини айтиб унга ёлвордим. Қиз яна бирозгина индамай турди-да, кейин,”биз яна бир марта келамиз”-деб жойидан турди.
Яна қоронғулик қарида қолдим. Аёлим, фарзандларим бемалол пишиллаб ухлаб ётишипти.Бўлган воқеа ҳақида яна сукут сақладим.
Аёллар жума куни ташриф буюришди.Бу гал қиз гапни калта қилди:
-Бас,етар энди,кетишга тайёрланинг,энди баҳоналарингиз ўтмайди.Сизни олиб кетамиз.
Кўзларимдан дувуллаб ёш оқа бошлади.Қўлларимни кўтариб беихтиёр яратган эгамга ҳитоб қилдим:
-Э,парвардигорим! Наҳотки мен сенга шунчалар керак бўлиб қолган бўлсам. Шўрлик банданга яна озроқ умр берсанг бўлмасмиди. Бу дунёдаги ишларимни битириб, ўзим ҳузуринга шоду- ҳуррамлик билан борар эдим-ку. О, қодир худойим! Мурувватингни дариғ тутма, илтижоларимни қабул эт.
Кўзларимдан ёшим ҳамон шашқатор бўлиб оқар, бошимни эгиб олганман. Қизнинг овози эшитилди:
Ўзингиз биласиз! Зоримиз бор-у, зўримиз йўқ. Бизлар энди бошқа келмаймиз. Яхши қолинг.
Эрталаб тетик холда кўзимни очдим. Иштаҳам очилган. Хотинимни чақирдим.
-Хотин, сут борми, бўлса опке, ичгим келаяпти.
Қувонганидан довдираб қолган хотиним косадаги сутни қўллари қалтираб дастурхонга қўя олмас, бир оғиз гап гапира олмай нуқул йиғларди.
Йигирма кун деганида бутунлай соғайиб кетдим. Шифокорлар ҳайрон бўлганларидан фақат елкаларини қисишади, холос. Билдимки, яратгандан астойдил сўрасанг, айтганингни берар экан. Тузалганимдан сўнг менинг ўлимимга атаб қўйилган қўйлардан биттасини сўйиб худо йўлига худойи қилиб юбордик.


 

****

ҚОПДАГИ ”БАНДИТ”

(Хушёрлик)

Кутилмаганда ишхонамга қўшни қиз ховлиқиб кириб келдида сизни хотинлар чақиришаяпти,деди.Чиқсам,қўшни “дом” олдида бир тўда хотинлар иккинчи қаватда яшовчи Толибнинг балконига қараб чувиллашиб туришибди.Шунда аёллардан бири-идорамиз жойлашган “дом”нинг иккинчи қаватида яшовчи Замира югуриб келди.
-Тез милицсия чақиринг,раис бува,-деди у ховлиқиб.-Табибнинг уйида бандит бор.
Бандит? Қанақа бандит?
-Қанақа бўларди,бандит-да! Бир барзанги-ей.қуроли ҳам бўлиши керак.Тез бўла қолмайсизми.Ҳаммамиз қирилиб кетамиз ҳозир.
Хушим бошимда учди. Ишхонамга отилиб кириб телефонга ташландим.
-Алло,алло! Бу участка нозирининг хонасими? Мен маҳалла қўмитасининг раисиман.Ким бу? Посбон.Нозир борми? Туманга кетган.
Оббо,бу ёғи нима бўлади энди. Посбоннинг бандитга бас кела олмаслиги аниқ. Шунинг учун туманга қўнғироқ қила кетдим. Комутаторни сира олиб бўлмайди.Ярим соатча овора бўлдим,фойдаси йўқ..
Хотинлар тобора кўпайишиб, ҳамон чувиллашиб,бақиришиб туришибди. Иш куни бўлганлиги учунми, ҳудди ер ютгандек эркак зоти кўринмайди. Кўчага югуриб чиқдим. Одам излай кетдим. Зафарнинг ошхонаси ёнида қаққайиб Илҳом турибди.Юрак катта унда. Воқеани айтдим.
-Бандитми,каллакесарми,бизга фарқи йўқ,- деди форишча талаффузда.-Ҳозир бориб уни “довондан эндириб юборамиз…”
Тўрт-беш киши бўлиб етиб келдик.Қарасам қиёматни қойим қилиб турган аёллардан биронтаси йўқ. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин жаҳлим чиққанидан хайқириб юборганимни билмай қолдим.
-Ҳой қаердасанлар?! Қани, топиб беринглар ўша бандитни. Мана Илҳомни олиб келдим.
Эркакларга қўшиб аёлларни ҳам ер ютгандек жимжитлик. Биронтаси кўринмайди. Кейин воқеа ойдинлашди.Толиб бир қоп маккажўхорини ваннага қўйиб, хотинига айтмай эшикни ёпиб кетган экан. Қоп қийшайиб эшикка тиралиб қолибди.Балконда ҳамир қориб ўтирган хотини ваннахонанинг эшигини очмоқчи бўлса,очилмасмиш. Ҳуддди биров орқасидан итариб тургандек туюлибди..Хотиннинг эси тескари бўлиб кетибди.
“Ваннахонага биров кириб олган?”-деб ўйлайди у.-Бандит бўлса керак. Томом бўлдим энди.Мени сўйиши аниқ. Кейин уйимга ўт қўяди. Аввал уйга ўт қўйиб,кейин сўяр балки. Телевизор ҳар куни “Огоҳ бўл,огоҳ бўл!”-деб бекорга қақшамаяпти-ку,аҳир.
Хотин балконгача судралиб борибди-да, дод солибди.бу бемани воқеа абимни анча тирик қилган бўлсада,одамлардан хушёрлик ортаётганидан қувондим.

****


 

ЁЗИЛМАГАН РЕПОРТАЖ ЁХУД ЭМИЛЬ ЗОЛЯ БЎЛОЛМАГАНИМ ХАҚИДА

(Бўлган воқеа)

Бу воқеанинг бўлганига кўп йиллар бўлди. Самарқанд вилояти “Ленин йўли” (хозирги “Зарафшон”) газетасида ишлардим. Кунлардан бир куни таниқли бир ёзувчининг буюк француз адиби Эмил Золя ҳақида хотираларини ўқиб қолдим. Эмиль Золя извош остида қолган одамнинг руҳий ҳолатини тасвирлаш учун ўзини извош остига ташлаган экан. Миямга ялт этиб бир фикр келди. Газетада ишлаётганимга анча бўлибди-ю, аммо ҳозиргача шов-шувли мақола ёза олганим йўқ. Лекин Эмил Золяга ўхшаб иккита қовурғадан ажралиш бизга тўғри келмайди.
Бундай ўйлаб кўрсам менда ҳам имконият борга ўхшайди. Хушёрхонадан репортаж ёзсамчи.Тўғри, хушёрхонага тушганлар ҳақида мақолалар ёзилмоқда. Лекин меники бошқачароқ бўлади. Мен ҳақиқий жонли репортаж ёзаман. Шундай фикр билан хушёрхонага равона бўлдим. Бошлиғига учрашдим. Майор унвонига эга бўлган ғулабир одам таклифимни эшитиб қувониб кетди.
-Маст-аласт бўлиб юрадиганлар жамиятимизга доғ туширмоқда,- деди у гулдираб.- Уларни аёвсиз фош қилишимиз керак, лекин қандоқ бўларкин, сизни мастларнинг ичига қўйсам. ҳар хил одамлар бор, сиз соғ улар маст бўлса.
-Бу ёғидан хотиржам бўлинг,- дедим илгаридан калламда “пишириб”келган режамни ўйлаб. Мен ҳам ичиб маст бўламан, фақат чора кўрмайсизлар.
Майор рози бўлди. Мен хушёрхонанинг шундоқ биқинида-регистонда жойлашган қахвахонада маст бўлиб хушёрхонага келишга тап -тайёр бўлиб турадиган, машина келиб олиб кетадиган бўлди.
Ресторанга кириб коняк билан ароқни аралаштириб туширган эдим, бир зумда кайфим тарақ бўлиб кетди.Бундан кейинги воқеалар худди кинолардагидек тезлашди. Кўнгил тўқ, плашимни судраб одамлар гавжум жойларда уларнинг оромини бузиб гандираклаб юрибман. Улар мендан балодан қочгандек қочишади. Биронтаси тартибга чақирай демайди. Шунда билдим мастнинг нақадар даҳшат бўлишини. Халиям хотинларимизга балли, барига чидашади.
Сандироқлаб анча юрдим. Мени олиб кетгани машина келавермаганидан кейин силлам қуриб, қулайроқ бир жойни топиб ухлаб қолибман.Ғира шира қоронғуликда иккита миршаб қўлтиғимдан ушлаб машинага чиқараётганида ўзимга келдим. Кўзимни зўрға очиб ғулдирадим:”нихоят кепсизлар-да, рахмат, нега кечикдинглар…”
Улардан биттаси қаттиқ сўкиниб мени машина ичига итариб юборди. Кемадек чайқалиб кетаяпмиз. Машина ичида мендан бошқа беш олтита одам бор.Йўлда яна тўрт бештасини олиб чиқди. Ҳаммалари менга ўхшаб шалпайган, сулжайган. Биттаси нақ оёқларимиз остига қусиб юборди. Миршаблардан бири сўкиниб, мастни бурчакка қапиштирди.
Вой-бўй, бу хушёрхона деганлари циркнинг ўзи-я. Цирк ҳам гапми, жиннихона деяверинг. Ғала-ғовур, сўкинган ким, ёлворган ким. Стол устида қоғоз-ручка, капитан формасидаги киши мендан сўради:
-Исми-фамилиянгиз, иш жойингиз?…
Айтдим. У истехзо билан қараб қўйди. Бошим ғувуллаб ухлагим келаяпти. ”Ҳозир менга шароит яратиб берса керак. Майли мастларни холини бир синчиклаб кузатай. Ёзиш бўлса у ёғини боплаймиз.
-Қани, ечининг,- деб қолди бир вақт капитан.
-Нима дедингиз?
-Қани, гапни чўзманг, ечининг, вақт кетаяпти.
Ие,булар мени ким деб ўйлашаяпди. Энди ялнғоч бўлишим қолувди.
Юзимга жиддийлик бағишлаб, капитанга буйруқ бердим.
-Қани, майорни чақиринг , мен редакциянинг махсус топшириғи билан келганман.
Шундай дейишимни биламан,олдимда қаққайиб турган даванг одам “мана сенга майор, мана сенга редакция, махсус топшириқ”, -деб кийимларимга чанг солди.Бир лаҳзада уст-бошимни шилиб олди. Плашч ва кастюмимнинг тугмалари ҳар томонга потирлаб учиб кетди. Бўйним узилиб кетай деди. Битта шимда қолдим. Даванг яна хезланаётган эди, додлаб юбордим.
-Жон ака, шимимни ўзим ечаман.
Бир зумда қўйдай юввош бўлиб қолдим. Кайфимдан асар ҳам қолмади. Битта иштончада капитан олдида дилдираб турибман. Шу вақт учта миршаб баққуват бир арманни судраб кирди. Арман ниҳоятда маст, сўкинади юлқиниб уларнинг қўлидан чиқиб кетмоқчи бўлади.Мана даванг унга яқинлашди.Бир минутдан сўнг арман ҳам менинг аҳволимга тушди. Лекин ўжар арман экан, баттар сўкиниб, баттар тўполонни авжига чиқарди. Шунда даванг уни даст кўтардида, ванна тўла сувга тиқиб юборди. Жунжикиб кетдим, феврал ойида қақшаган сувда чўмилишни душманимга раво кўрмасдим.
Арман ҳам ювош тортиб қолди. Уст бошидан сув оқиб дилдираганича капитан олдида турибди. Хиқиллаб йиғлайди, нимадир деб ғулдирайди. Шу пайт даванг мени катта залга олиб кирди. Кравотлар қатор қилиб қўйилган. Ҳаммасида оқ чойшаб, йигирматами-ўттизтами кравотда йигирматами-ўттизтами ярим яланғоч одам, сўкингани қайси, кулгани қайси,жиннилик қилгани қайси…Биттаси тўполонни авжига чиқарган эди, даванг уни кравотга ётқизиб, қўлларини қайиш билан маҳкам боғлаб қўйди.
Сўкинишлар, кулгилар, ўдағайлашлар ниҳоят тинди.Ухлаб қолибмиз. Эрталаб кеча осмонга сапчиган одамларнинг аҳволини кўриб ҳайрон қолдим. Ҳаммаси ювош тортган, пушаймон егани қанча, ялтоқланиб миршабларга мўлтираб қарагани қанча.
Яна кечаги капитанга рўпара бўлдик.У нимадир ёзар экан менга:”ҳайф редакция”,-деб қўйди. Тушунтирай десам, қани тилим айланса. Кийимимни беришди. Нариги хонага чиқиб туринг дейишди. Айтгандай бу ерда бир кеча ётганимиз учун жарима ҳам тўладик. Кийиндим. Кийимларимда битта ҳам тугма йўқ, Қорним очилиб, майкам кўриниб турибди. Плашчимга ўралиб олдим.
Ўн бештача одамни усти ёпиқ машинага тиқишди. Кечагидан анча камайиб қолибмиз. Сувга шўнғиган арман ҳам кўринмайди. Шундан сўнг саёҳатимиз бошланди. Хушёрхонада тартиб шундай экан. Бу ерда тунаган ҳар бир кишини ишхонасига ёки уйига олиб бориб кўз-кўз қилар экан. Хушёрхонага тушганларнинг биттаси шаҳарнинг у томонидан яшаса, бошқаси бу томонида яшайди. Шанба куни бўлганлиги сабабли кўпгина ташкилотлар ишламайди. Шунинг учун кун бизларни уй- уйимизга олиб бориш билан ўтди. Кимнинг уйига яқинлашсак, ўша одам дор остига бораётгандек дағ-дағ титрайди. Ёлвориш, илтимосга қулоқ солиш қаёқда? Иккита миршаб унинг қўлтиғидан ушлаб диконглатиб уйига олиб кириб кетади. Ярим соатлардан кейин чиқишади. Ўша бечоранинг орқасидан хотини, болалари изиллашиб йиғлаган холда эргашади. Халиги одамни яна машинага чиқаришади.”тарбиявий соат”ни ўтаган бу шўрлик учун хали кўргиликлар тугаган эмас. Бундай “салб юришлар” тугаганидан кейин яна хушёрхонага қайтар эканмиз.Ўша ерда ичкиликнинг зарари ҳақида маъруза ўқишганидан кейингина кетишга жавоб берар эканлар.
Шаҳарни роса айланаяпмиз. Жин кўчалар-у, катта кўчаларга кириб хатто шаҳарнинг чекка-чеккасигача чиқиб кетаяпмиз. Очликдан силлам қуриб, хушимдан кетай деяпман. Бу миршабларга ҳозир нон-сув ҳақида оғиз очиб кўрчи. Бутун уруғ аймоғингни келишикки солиб сўкади, занғарлар.
Уйни, хотинимни, фарзандларимни ўйлаб баданимдан ўт чиқиб кетгандек бўлди. Бундан ортиқ шармандалик бўладими. Қайси гўрданам калламга жонли репортаж ёзиш фикри келиб қолди-я. Извош тагига ўзини ташлаган Эмиль Золянинг ҳам падарига минг лаънат. Эҳ майор, майор, мени роса чув туширдингиз-да.
Ниҳоят, кеч соат бешларда менга навбат келди. ”Тамом” деб ўйладим. Энди болаларим олдида ким деган одам бўлдим. Қўни-қўшнилар бор яна.
Шунда миршаблардан бири шеригига.”хушёрхонага кириб чиқайлик, бир гапни тайинлаш эсимдан чиқибди” ,- деб қолди. Қалбимда умид учқини ёнгандай бўлди. Бахтимга майор бўлсин-да.
Астойидил йиғласанг, сўқир кўздан ёш чиқар,- деган гапга энди ишондим. Майор ҳовлида бир икки миршаблар билан гаплашиб турарди. Нақ ўт ўчирадиган машинанинг сигналидай вой-войлаб юбордим.
-Ўртоқ майор, жон майор, мени қутқаринг!…
Ҳамма ҳангу – манг бўлиб қолди. Майор эса соқолим ўсган юзимга, тугмалари узилиб, тиришиб, дабдала бўлиб кетган кийим бошимга бир зум ажабсиниб қараб турди. Жон ҳолатда яна бақириб юбордим.
-Ўртоқ майор, бу менман, кеча келишган эдик-ку, репортаж ёзмоқчи эдим.
Майорнинг юзида ҳижолат излари намоён бўлди.
-Кечирасиз,- деди у.-Сизни бу ердагиларга тайинлаб кетиш бутунлай ёдимдан кўтарилибди. Ҳозир шу ҳақда гаплашиб турган эдик. Шундай деб, кабинетига олиб кирди. Ўтиришга таклиф қилиб, бир пиёла чой узатди.
-Хаточилик ўтибди,- деб яна кечирим сўради.-Тун қандай ўтди?
-Зўр ўтди,- дедим ғулдираб.- Ўртоқ майор, хушёрхонадагилар ҳужжатимни олиб қўйишди. Иш жойимга хабар беришар экан. Менга чора кўргандан кейингина ҳужжатимни қайтариб берамиз, дейишди.
Мана қаерда ишлашимни билдирувчи ҳужжат қўлимда. Энди уйга кетишим керак. Кеча чўнтагимда 50 сўмча пулим бор эди. Ароқ, коньяк ичдим. Бу ерда жарима тўладим. Яна мени тутиб келган жойдаги участка бўлимига ҳам 15 сўмча жарима тўлашга тўғри келди. Уйга кетишга ҳеч вақо қолмабди.
-Ўртоқ майор,- дедим уст-бошимни кўрсатиб. -Бу ҳолатда кўчада юриб бўлмайди. Уйга етиб олишимга ёрдам берсангиз. Лекин ёнига “милиция” деб ёзилган машина бизга тўғри келмайди. Бошқа машинада юборсангиз.
-Хўп, хайр ўртоқ журналист, жонли репортажингизни кутамиз,- деди мен билан хайрлашар экан майор. -Биргаликда маст-аластликнинг пайини бутунлай қирқишимиз керак. Бизларга ҳам осон эмас.
Уйга келиб бўлган воқеани тушунтирдим. Лекин репортаж ёзмадим. Майор муҳарримизга “бир журналистингиз зўр репортаж ёзаман деб келиб кетган эди”,- деб қўнғироқ ҳам қилибди. Муҳарриримиз Ахмаджон Мухторов хушёрхонага ким борган эди деб, бир икки марта суриштирди. Индамай қўяқолдим.
Шундан бери хушёрхона, миршабхона, арақхона деганининг ёнидан бир чақирим наридан ўтаман.

1979 йил.

****

Бир мухбир хаётидан лавха.

“Калласини узамиз, сўямиз…”

1983 йиллар эди.”Жиззахчўлқурилиш” худудий бошқармасининг кўп нусхали”Бўстон” газетасида ишлардим. Бир куни мухаррирдан топшириқ олдим. Вилоят ОБХССидан одам олиб, чўл хўжаликларида жойлашган бошқармага қарашли савдо дўконларида рейд ўтказишимиз керак экан.
Рейдни ҳам бошладик. Савдо дўконларида кўплаб камчиликлар, суистеъмолликларни фош қилдик. Бу хақда ёзилган фелетонларни мухаррирга топширдимда, мехнат таътилига чиқдим. Таътилидан қайтиб келсам, фелетонларим газетада босилибди. Лекин чора кўришда бошқачароқ йул танланган эди. Масалан, харидорлар хақига хиёнат қилган бир нечта дўкон мудирларининг “иши” судга эмас, балки улар ишлаётган ишчилар таъминоти бўлими эътиборига ҳавола қилинган эди. Бу ерда, “мана мен” деб таъмагирлик аломатлари сезилиб турарди. Мен фелетонларни машинкада қайта кўчирдим-да, далолатнома ўрнига газета босилган материалларни қўшиб.”Қишлоқ хақиқати” газетасига жўнатиб юбордим. Орадан кўп ўтмай, газетанинг биринчи бетида, ”Зарбдордаги ҳангомалар” сарлавхали танқидий мақолам эълон қилинди.
Мақола роса шов- шувга сабаб бўлди. ОБХСС инспектори билан мухарриримиз бу дунёга келганларига пушаймон бўлишди. Қўли эгри савдо ходимлари устидан эса суд бўлиб ўтди.
Энг қизиғи эса кейин бошланди. Бўстон шахарчасига кираверишда, ўнг томондаги ошхонада раҳматли Нушар Довуров деган ажойиб бир инсон пиво ва кабоб билан савдо қиларди. Катта сариқ пиво бочкасини бизлар хазиллашиб,”Нушарнинг сариқ сигири” деб атардик.
Бир куни ошхонага келсам,”сариқ сигирнинг “ ёнида қорачадан келган, норғул бир йигит тик тургани холда пиво ичаяпти. Олдида озроқ ичилган бир шиша арақ хам бор. Нушар унга:”мана бу акам редакцияда ишлайди, сухбатлашиб туринглар, хозир у-бу”олиб келаман,- деб, ошхонага кириб кетди. Норғул йигит елкаси оша менга қаради-да:
-Ароқ ичасизми, мехмон?- деб манзират қилди. Бошимни ирғаб розилик ишорасини қилдим.
У кичикроқ стаканни ароққа тўлатиб олдимга қўйди. Шу орада Нушар пиво, колбаса, нон олиб келиб қўйиб кетди.
Иккаламиз пиво билан арақни майдалаб олиб турибмиз.
-Редакцияда ишлайсизми?- деб сўраб қолди норғул йигит бир вақт.
-Ҳа, ишлайман.
Фалончи мухбирни (менинг номимни айтди) танийсизми?
Гап яқинида “Кишлоқ хақиқати” газетасида босилган танқидий мақолам ҳақида бораётганини сезиб,”ҳа танийман”,- деб жавоб бердим.
-Қандай одам ўзи у?!
-Қандай одам бўларди, яхши одам!
-Ана ўша яхши одамнинг яқинда калласи кетади. Сўямиз уни.
Капалагим учиб кетди.
-Йўғ-е?!
-Ҳа, кафанини хам бичиб қўйганмиз. Тоғамни шарманда қилди, у аблах.
Оббо, буёғи нима бўлди энди. Демак, манови галварс-каллакесар ишчилар таъминоти бошқармаси бошлиғининг жияни экан-да. Мен унинг тоғасининг номини фелетонда қистириб ўтганман. Норғул жиян шунақанги бефаросат эканки, исмимни хам сўрамай, мени оғзига келган гаплар билан ҳар хил келишикларга солиб сўкарди.
Гап орасида:”мен ишчилар таминоти бўлимида омбор мудири бўлиб ишлайман. Яхши одам экансиз, бориб туринг. Гўштнинг сара жойидан бераман”,-деб қўярди.
Гўштинг бошингдан қолсин.Демак менинг хақимда катта гап бўлган. Индамай турайинчи, нима бўларкан бу ёғи. Пиволарни симириб, арақни хам тугатдик. Галварс жиянга энди ақл кирди шекилли, менга қўлини чўзиб қолди.
-Қани энди бир танишиб қўяйлик,ака. Менинг исмим Икром.
Ўзимни танитдим.Биласизми, унинг ранги қумдек бўлиб, қалтираб кетди.
Бояги”хўрозлигидан”асар хам қолмади. Ахир,”сирни очиб” қўйдида. Оқибатини ўйлаяпти шекилли.
-Жон ака,мени кечиринг!- деб қолди жиян бир вақт.- Ўлиб қоппан, ҳазиллашган эдим.

Шундай деб ошхона томонга югургилаб қолди. Икки килоча гўшт, арақ ва майдай чуйда кўтариб келиб, овқатга унай кетса бўладими. Ҳар замонда “фақат кетиб қолманг, жон ака”, деб қўяди.”Айбини ювмоқчи”шекилли.Шу вақт хамкасбларим Неъмат Зайниддинов билан Рахматилла Хўжабековлар келиб қолишди.
Хуллас, улар хам”текин зиёфатдан” роса мазза қилишди. Норғул жиян ўтириш тугагунча, камида 20 марта кечирим сўради-ёв.
Эрталаб тағин калламни қидириб, овора бўлиб юрмасин деб, ишчилар таминоти бошқармаси бошлиғининг хузурига бордим.
Мен унинг олдида тик турибман. У бошини кўтара олмайди, тишлари нуқул тақиллайди.Уни бу “азобдан”ўринбосари қутқарди. Мени хонадан олиб чиқиб, кабинетига олиб кирди-да, воқеани тушунтирди.Танқидий мақола чора-тадбир белгилаш учун вилоят ижроқўмига юборилибди. Мен мақолада ишчилар таъминоти бошқармаси бошлиғини,”сиз савдо дўкон мудирларининг отасисиз, фарзандларингизга бундай қарасангиз бўлмайдими?”-деб шама қилиб ўтган эдим. Вилоят ижроқўми раиси “бундай ота бўлгунча ўлганинг яхши эмасми?,”деб, бошқарма бошлиғини сўкиб, мақолани тергов органларига хавола қилиб юборган экан.
Шарманда бўлган ишчилар таъминоти бошқармасининг бошлиғи бир ўтиришда аччиғидан юқоридаги гапларни гапирган. Ўтиришда эса албатта ҳовлиқма жиян ҳам бўлган экан.

Абулфайз Баратов.

www.munosabat.org

 


 

Просмотров: 893 | Добавил: agent007 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Июнь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024 Бесплатный хостинг uCoz