. Абдулла АКБАРОВ: «ҚИЗИҚЧИЛИК – ДАРД» - 4 Июня 2014 - ZAMON маданий-маърифий сайти
дунё ўзбекларининг маданий-маърифий сайти
Понедельник, 20.05.2024, 05:17
ГлавнаяРегистрацияВход Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Июнь » 4 » Абдулла АКБАРОВ: «ҚИЗИҚЧИЛИК – ДАРД»
21:17
Абдулла АКБАРОВ: «ҚИЗИҚЧИЛИК – ДАРД»

Абдулла АКБАРОВ: «ҚИЗИҚЧИЛИК – ДАРД»


– Абдулла ака, cтолингизда турган улуғ адиб Нодар Думбадзенинг «Абадият қонуни» китобини кўриб, бир-икки савол туғилди. Сизга оғирлик қилмаса...

– Операциялар ўтди – оғирлик ортда қолди...

– «Одам лоақал умрида бир марта оғир дардни бошидан ўтказиши керак экан. Бу нарса унга босиб ўтган йўлларига хотиржам назар ташлаб, ҳаётига холисанилло баҳо бериш имкониятини туғдираркан. Шу маънода касалхона менга беқиёс ёрдам кўрсатди...» деб ёзади адиб.

Анчадан буён касаллик билан олишиб, Думбадзенинг юқоридаги гаплари хаёлингиздан ўтмадими?

– Ёзувчи ҳақ. Атрофингизда ўғилларингиз, қариндош-уруғларингиз, дўсту биродарларингиз турса ҳам касаллик билан сиз барибир яккама-якка қоларкансиз. Одам бутун ҳаётини ипидан-игнасигача ўйлаб оларкан, мушоҳада қиларкан. «Қаерда хато қилдим? Ҳалол яшадимми? Бировни беҳуда ранжитмадимми?» деган саволларга жавоб изларкан. Энг қийнайдиган савол битта бўларкан: «Бу дунёга келиб нима қилдим, мендан нима қолади?»

– Ўтган йилларни сарҳисоб қилиб, қизиқчи бўлганингизга афсус қилмагандирсиз?

– Асло. Одам наркоз таъсирига тушганда қизиқ ҳолатга тушаркан: руҳингиз танангиздан чиқиб, гўё жисмингизни тепадан туриб кузатаётгандай, кулаётгандай ва шу билан бирга жасмингизни имтиҳон қилаётгандай бўларкан. «Имтиҳон»да бўлдим: устозимиз Муҳиддин Дарвешов Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб саҳнага якка ҳолда чиқиб инсонларни кулдириш мумкинлигини исботлаб, ўзига хос мактаб яратди. Мен ана шу мактабнинг ўқувчиларидан бири бўлдим. Қишлоқнинг оддий ўқитувчиси эдим. Бу мактабда таълим олиб, қизиқчи-аскиячи деган номга эга бўлдим. Одамлар мени билиб, таниб ҳали Самарқанддан, ҳали Сурхондарёдан, ҳали Андижондан келиб яхши кунларига, хурсандчиликларига айтадиган бўлди. Демак, мен одамларга керак эканман! Уларга нимадир айтар эканман! Турли танловларда ғолиблик насиб қилди: демак, изланганман, топганман, бошқа қизиқчилар айтолмаган, томошабинлар кутмаган бир гапни айтганман. Яратган ижод нимуналаримни тўплаб «Абдулла қизиқ нима дейди?» деган китоб нашр эттирдик. Томошаларда, сайилларда, концертларда суратга олинган кулги дустурларимиз дискларда минг-минг нусхаларда тарқаляпти... Ҳаётга келиб бежиз яшамабмиз... Оллоҳга минг бора шукр!


 


 

– Қизиқчилик масхарабозлик қилиш ёки бирорта латифани даврада айтиб беришдан иборат эмаслигини бутун санъат аҳли яхши билади. Фикримча, бу соҳада яхши ижрочи бўлиш баробарида ўзи ҳам ижод қиладиган, оддий бир ҳолатдан катта фикр чиқариб бера оладиган қизиқчиларгина элнинг ишонч ва олқишига сазовор бўлади. Мухлисларингиз сизни шу даражадаги қизиқчи деб эътироф этади. Атрофингиздаги сафдош қизиқчилар ва бу соҳада ном қозонаман деб юрган ёшларнинг ижоди ҳақида ҳам ўйлаб кўрдингизми?

– Ўйлайсиз экан. Негадир қизиқчиларимиз ном қозониб олгунча, жонларини жабборга беришади: ўқишада, изланишади, ҳажвчи-ёзувчилардан, ўтиб кетган қизиқчи-аскиячилардан нималарнидир ўрганишга ҳаракат қилишади-ю, танилиб олгач, ҳаммасининг баҳридан ўтишади. Изланиш бўлмагач, тебраниш, аниқроғи, депсиниш бошланади, деганларидай қизиқчиларимиз бир жойда туришибди депсинишиб! «Кўзгу», «Шўрданак» гуруҳларни гапирмай, бир бора «ярқ» этишди-ю, «ўчишди». Узоққа бормай, бизам «Қаҳқаҳа» деган гуруҳ тузгандик. Яқинда Баҳодир Шокиров, Мансур Охунов, Маҳмуд Исмоиловлар шифохонага келиб қолишди. «Мен-ку ётибман. Аммо сизлар нима билан бандсизлар, янгилик борми?» деган саволни бердим. «Ҳа, энди сен тузалиб чиқсанг, янгилик бўлади-да!» деган жавобни олдим. «Ҳаётимизга компютер, интернет деган алламбалолар кириб келди, шулар ҳақида аския яратсаларинг бўлмайдими?» дедим. «Соғайиб олавер, аския яратиш қочмас!» деган гапни айтишди.

Ҳар ким ўқиши, ўрганиши – тинимсиз ижод қилиши қизиқчининг бурчи. Қизиқчилик – дард. Қайси бир донишманд айтган экан: «Топиб айтилган латифа – бутун бошли романга тенг». Ҳақиқатан ҳам латифа жуда катта кучга эга. Ичкиликнинг зарари ёки иккиюзламачилик, ёлғончилик ёмон иллатлиги ҳақида икки соатлик маърузадан кўра, икки оғиз тарбиявий аҳамиятга эга бўлган латифа томошабинларга кучли таъсир қилади. Қизиқчининг вазифаси одамларнинг дилидан ўтган, аммо тилида ифода қилолмаётган сўзларини айтиш. Ана шу тил учида турган гапни айтдингизми, томошабин сизни, “Боплади”, деб эътироф этади, узоқ вақтлар эслаб юради. Қизиқчилик дардига йўлиқдингми, бировнинг сояси салқинмас: ҳар ким ўзи учун ижод қилиши лозим! Эл уни қизиқчи сифатида тан олиб, қалбининг қўридан, тўйининг тўридан жой бердими, шунга лойиқ бўлиши, ана шу ҳурматни унутмаслиги, ҳурматга ҳурмат билан – янги яратган ҳангомалари билан жавоб бериши шарт!

— Аския — халқимизга хос санъат. Аммо қизиқчилик ҳамма миллатда ҳам бор. Масалан, мен кўпроқ рус қизиқчиларини кузатиб бораман. “Зеркало”, “Вокрух смеха”, “Юрмала”, “Смеятся разрешается” сингари кўрсатувларида бутун бошли қизиқчилар гуруҳлари иштирок этиб, ҳар сафар янги сценарий бўйича янги ҳангомаларни намойиш қилишади. Маза қиласиз. Ўавасингиз келади. Бизнинг қизиқчилармиз ҳам ана шундай гуруҳларга бирлашиб, тўлақонли сценарийлар асосида томошалар намойиш қилишса бўлмайдими?

— Жуда бўлади-да. Аммо қизиқчиларимизнинг бошини қовуштириш муаммо! Ёзувчилар, рассомлар, композиторлар, хунармандлар, хайкалтарошлар ва хоказо турли касб эгаларининг уюшмалари бор. Шулар қатори, майли, жамоатчилик асосида бўлсин, қизиқчи-аскиячиларнинг уюшмасини ташкил қилиш керакми, деб ўйлайман. Бу уюшма қизиқчи-аскиячиларни ўзига чорласин, “Хўп, сен нима ижод қилдинг?” деб ҳисобот сўраб турсин. Телевидениеда, ё бўлмаса санъат саройларида чиқиш қилишидан олдин уюшманинг бадиий кенгаши қизиқчининг репертуарини кўрикдан ўтказиб, “Мана бу ҳангомани янги яратибсиз – бўлади, бунисини, палончининг ижодидан ўғирлабсиз – бўлмайди”, деб баҳо берсин... Ана ундан кейин қизиқчиларнинг боши бир жойга қовушиши, сиз айтгандай, биргаликда катта шоу-дастурлар намойиш қилиш мумкин бўлади.

– Муҳиддин акани эсладик, у киши қизиқчилик билан аскиячиликни қўшиб олиб борган санъаткор эди. «Футбол», «Самолёт», «Дўхтирлик», «Билганлар, билмаганлар», «Ўхшатдим» сингари аския-пайровларини қайта ишлаб, замонавий рух бериб, бу аскияларни янгидан дунёга келтирди. «ГАИ» ҳозирги тил билан айтсак, ЙПХ ходимлари ҳақида ўзлари яратган пайрови янгилик – тобутга тушган аскиячилигимизни тирилтирган воқеа бўлганди. Сиз ҳам устозингиз йўлидан бориб, қатор аскияларни замонавийлаштиряпсиз. Шу билан бирга «Одам мингга кирса», “Автомашина”, «Қўшиқ» сингари янги пайровлар яратиб, аскиячилигимиз ривожига озми-кўп хисса қўшяпсиз. Аския, аслида, сўз ўйинига – қурилган санъат. Аския тезкорликни, ҳозиржавобликни, ўткир ақлни талаб қилади.

– Аския сўзи закийлик, зукколик, деган маънони англатади.

– Бироқ кейинги пайтларда аскиячилигимизда, сиз айтгандай зукколик, закийлик йўқолиб бораётгандай. Аския «белдан пастга тушиб» — айнима жанрга айланиб кетгандай, шу боисдан, ёш аскиячилар етишиб чиқмаётгандай...

– Гапингизга қўшиламан. Ўамма айб ўзимизда. Кейинги пайтларда аския — сўз санъатига қурилган жанр эканлигини унутиб қўйдик. Аския пирлари Эрка қори Каримов, Абдулҳай маҳсум Қозоқов, Расул қори Мамадалиев каби устозларимиз ҳам халқ ичида аския қилишган. Лекин улар айнишмаган, найнишмаган. Чунки улар ҳар бир чиқишларидан олдин даврага қарашган: «Қайси аскиячилар бор, давра кимлардан иборат, қандай мавзуда пайров қилсак бўлади?» деган саволларни ўзларига бериб, сўнг саҳнага кўтарилишган. Кейинги пайтда-чи? «Ҳозир аскиячиларга навбат берилади, тайёр бўлиб туринглар!» деган сўзлар айтилгач, бир-биримизга бақраяпмиз: «Қайси пайровни айтамиз?» Ана ундан кейин кетди – от ўйин эмас, буни эшак ўйин деб атаса бўлади, даврада хотин-қизлар ўтирибдими, оналаримиз, оталаримиз, устозлар ўтирибдими – оҚзимизга келганини айтишни бошлаймиз. Кўпроқ қийқириқ, олқиш олиш учун тилга олмаган туйнугимиз қолмайди. Қиз-жувонлар кафтлари билан юзларини беркитишади, онахон-энахонларимиз қўл силтаб, даврани тарк этишади. «Гапларинг қурсин, уятсизлар!» деган луқмани айтишни ҳам унутишмайди. Лекин биз уларни парвомизга ҳам келтирмай, бир-биримизни шарманда қилишда давом этамиз. Ўзимиз шарманда бўлаётганимиз ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Энди тасаввур қилиб кўринг: ана шу давраларда қатнашган онахон ёки отахон «Аскиячи бўламан!» деган ўҚлига нима дейиши мумкин? «Ўйлаброқ гапир! Айниб-алжирайдиган аскиячи бўлиб, юзимни ерга қаратмоқчимисан? Бу гапни хаёлингга ҳам келтирма!» дейди-да. Мана, ёш аскиячиларнинг етишиб чиқмаётганлигига сабаб!

– Анчайин гаплашдик, дардлашдик...

– Аммо ҳали айтганимиздан айтмаган гапларимиз кўп экан. Шуни хис қилдим-да.

– Ётиб...

– Ётиб деманг, ётиб чиққанман, ўтириб чиққанман дегандай, хунук эшитиларкан, «Касалхонада бўлиб», денг.

Гапни Нодар Думбадзенинг китобидан бошладингиз. Энди мен суҳбатимизни шу китоб билан ёпсам. Асар қаҳрамони Бачана Рамишвили касалхонадан чиқиб кетаркан, абадият қонунини кашф этганини эътироф этади: «Одамнинг юраги танасидан юз баробар оҚирроқ экан... Шу даражада оҚирки, уни бир киши кўтаролмайди... Бинобарин биз одамлар, токи тирик эканмиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз, бир-биримизнинг юрагимизга мадад беришимиз лозим: сиз – менга, мен – сизга, у эса – бошқага! Бу узлуксиз давом этиши лозим! Токи ўлим бизни ёлғизлик балосига гирифтор қилиб қўймасин!» Илоҳим!


Саид АНВАР суҳбатлашди.


 


 

Просмотров: 1533 | Добавил: agent007 | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Июнь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024 Бесплатный хостинг uCoz