. 1 СИГИРДАН 1 КУНДА – 95 ЛИТР СУТ - 5 Июня 2014 - ZAMON маданий-маърифий сайти
дунё ўзбекларининг маданий-маърифий сайти
Понедельник, 20.05.2024, 05:17
ГлавнаяРегистрацияВход Приветствую Вас Гость | RSS

Меню сайта

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » 2014 » Июнь » 5 » 1 СИГИРДАН 1 КУНДА – 95 ЛИТР СУТ
09:13
1 СИГИРДАН 1 КУНДА – 95 ЛИТР СУТ

 

Чорвачилик: хорижий тажриба

1 СИГИРДАН 1 КУНДА – 95 ЛИТР СУТ

ёхуд ИСРОИЛЛИК ЧОРВАДОРЛАР СИРИ НИМАДАН ИБОРАТ?

Шу йилнинг август-сентябрь ойларида Исроилдаги "Машав-Синадко" халқаро ўқув марказида юртимиздаги тадбиркор ва фермерлар ҳамда иқтисодчи олимлар иштирокида "Сут хўжаликларини бошқариш ва сутни қайта ишлаш технологиялари" мавзусида махсус ўқув курси ўтказилди. Қашқадарёда БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Ҳудудларни комплекс ривожлантириш" лойиҳасининг молиявий кўмагида ушбу ўқув курсида вилоятимиздан ҳам уч нафар ишбилармон – чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ва масъулияти чекланган жамиятининг раҳбарлари ҳамда сутни қайта ишлаш соҳасида фаолият юритаётган корхонанинг мулкдори қатнашишди. Улардан бири – Китоб туманидаги "Заковат" фермер хўжалигининг раиси Даврон ХИДИРОВ сафар таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Исроилда олган билимлари ва ўрганган тажрибаси унга фермаси жойлашган Бошчил қишлоғида ҳам чорвачиликни ривожлантиришда асқотишини таъкидлайди.

"НЕГА АЙНАН ИСРОИЛ, ДЕЙСИЗМИ?.."

-Хабарингиз бор, Исроилда чорвачилик энг тараққий этган соҳалардан саналади ва шу жиҳатдан мазкур мамлакат жаҳон миқёсида энг юқори ўринларнинг бирида туради, - дея гап бошлайди Даврон Хидиров. – Биргина сут йўналишидаги чорвачиликни олсак, мазкур мамлакатда 110 минг бош юқори маҳсулдор Исроил-Гольштейн зотли сигир бор экан. Бу зотнинг яратилиши минтақада ўтган асрнинг 30-40-йилларида (ҳали жаҳон харитасида Исроил давлати бўлмаган пайтда) маҳаллий Дамашқ зотли сигирларни Голландиядан келтирилган Гольштейн зотли буқалар билан чатиштиришдан бошланган. Узоқ йиллар давомида олиб борилган наслчилик ишлари натижасида ҳозирги юқори маҳсулдор сут йўналишидаги Исроил-Гольштейн қора-ола сигир зоти вужудга келган.

Дастлабки қарашда Исроилда соғин сигирлар сони кўп эмасдек туюлиши мумкин, аммо статистикага эътибор берсангиз, уларнинг ҳар биридан йил давомида ўртача 11,8-12 тоннадан сут соғиб олинади. Яъни бир бош сигир ҳар куни 39-40 литр миқдорида ёғлилик даражаси 3,5 фоизга тенг сут беради. Яна бир бор такрорлайман: бу ўртача кўрсаткичдир, чунки биз ўқув курси давомида кибуцци ва машавлардаги фермаларда кўрган "рекордчи сигирлар"дан айримлари бир кунда ҳатто 90-95 литрдан ҳам сут берар экан.

Дарвоқе, Исроилда аҳоли томонидан якка ҳолда, хонадон шароитида қорамол боқиш деярли учрамайди. Чорва моллари асосан "кибуцци" (шўролар давридаги собиқ "колхоз"лар тизимига ўхшаш тузилмалар) ва "машав" (оилавий фермерларнинг ўзаро бирлашувига асосланган тузилмалар) деб аталувчи қишлоқ хўжалик корхоналарида боқилади. Кибуццидаги фермаларда 1500 бошгача, машавлардагида эса 300 бошгача қорамол парваришланади.

"МОЛНИНГ ҲАТТО ҚАДАМ БОСИШИ ҲАМ КОМПЬЮТЕРДА АКС ЭТАДИ..."

Исроилда сут йўналишидаги чорвачилик ниманинг ҳисобидан бу қадар тараққий этиб, жаҳон бўйича олдинги ўринларга чиқиб олган? Ўқув курсимиз уч ҳафта давом этган бўлса, 21 кун мобайнида айнан шу саволга жавоб изладим. Ва ўзим учун исроиллик чорвадорлар тажрибасининг учта асосий омилини кашф этдим.

Биринчиси – ушбу мамлакатда марказлашган ҳолда чорвани ҳисобга олиш бўйича компьютерлаштирилган китоб юритилади. Бу китобга бутун Исроилда мавжуд чорва молларининг 90 фоизи ҳақида батафсил маълумотлар, яъни ҳар бир сигир ёки буқанинг насли, ёши, маҳсулдорлиги, соғлиги тўғрисидаги қайдлар киритилган. Ушбу ўзига хос маълумотлар базаси асосида чорва молларига баҳо берилади, уларни қачон уруғлантириш, қай тартибда даволаш, қандай озиқлантириш ҳақида қарорлар қабул қилинади, қолаверса, наслини давом эттириш мақсадга мувофиқлиги кўриб чиқилади.

Иккинчи омил – чорвачиликка ихтисослашган хўжаликларда қорамоллар наслининг генетик яхшиланиши сунъий уруғлантириш марказлари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Яъни барча урғочи молларнинг оёғида тасма боғланган бўлиб, қадам босиши компьютерда акс этади. Натижада сигир ёки ғунажиннинг куюкка келгани компьютер орқали маълум бўлиб, шу асосда сунъий уруғлантириш марказидан мутахассис чақирилади. Келган ассимилятор молни текширади. Сўнг унинг шахсий картасидаги маълумотларга қараб, қайси буқа линиясидан уруғлантириш кераклигини аниқлайди. Сунъий уруғлантириш давомида буқа линияларининг бир-бирига алмашиб кетишига йўл қўйилмайди.

Сунъий уруғ мамлакатнинг ўзида мавжуд сунъий уруғлантириш ассоциациялари – "Сион" ва "Хашерут" деб номланган ташкилотларда тайёрланади. Сунъий уруғлантириш учун буқалар линияси яратишда мамлакатдаги ва четдан келтирилган энг маҳсулдор моллардан туғилган эркак бузоқлар танлаб олинади. Бу бузоқлар сунъий уруғлантириш ассоциациялари томонидан олиб кетилиб парваришланади. Парваришлаш давомида уларнинг генетик хусусиятлари ўрганилади ва энг яхшилари уруғлик буқа учун сараланади. Сараланган буқалардан туғилган урғочи молларнинг маҳсулдорлиги ва бошқа хусусиятлари учун уруғ олиниб, махсус музлатгич идишларда сақланади.

"ОЗУҚАЛАР ФАҚАТ ҚУРУҚ ҲОЛДА БЕРИЛАДИ"

Исроилда ҳам ўзимиздаги каби "сигирнинг сути тилида" деган қоидага амал қилиниб, чорва озуқасини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади ва буни шубҳасиз, соҳадаги тараққиётнинг учинчи омили, деб ҳисоблаш мумкиндир. Лекин шуниси эътиборлики чорва молларига сенаж, силос, концентрат ем ва микроэлементлар қўшиб аралаштирилган озуқалар фақатгина қуруқ ҳолда берилади. Шунинг учун барча чорва моллари бир хил кўринишдаги юқори семизликда бўларкан. Биз – ўзбекистонлик ўқув курси тингловчилари шу гапларни эшитиб жуда ҳайрон қолдикки, молларга йил давомида бирор марта ҳам ҳўл ҳолда кўк масса берилмас экан.

Айрим чорвачилик корхоналари сенаж ва силос қилиш учун ўзларига ижарага берилган ерда қишлоқ хўжалиги экинларини аралаш ҳолда экиб, озуқани мустақил равишда тайёрлашади. Айрим чорвачилик корхоналарига эса ер ажратилмаган. Шунинг учун мамлакатда озуқа тайёрлаш марказлари фаолият кўрсатиб, чорва молларининг аксариятини айнан мана шундай марказлар керакли озуқа билан таъминлайди.

Озуқа тайёрлаш марказлари мамлакатдаги заводлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналаридан керакли маҳсулотларни шартнома асосида олади. Бу маҳсулотлар жумласига силос ва сенаж қилиш учун керакли экинлар, буғдой сомони, туганакли ва илдиз мевалар, дон, ёғ, шакар, пиво, сутни қайта ишлаш натижасида чиққан чиқинди ва концентрат емлар, ҳайвон ва ўсимлик ёғлари киради. Шунингдек, суяклардан тайёрланган ун, кальций, фосфор ва ҳатто ҳар хил минералларга бой бўлганлиги учун парранда гўнгларидан ҳам фойдаланилади.

Озуқа тайёрлаш марказлари чорвадорлар талабига асосан ўз вақтида керакли қувватдаги озуқани тайёрлаб беради. Озуқа тайёрлашда чорва моллари турига қараб, яъни соғин сигирлар учун алоҳида, бўрдоқига боқиладиган моллар ёки парваришдаги бузоқлар учун алоҳида илмий асосланган озуқа рационлари бўлиб, ушбу "рецепт"ларга қаттиқ амал қилинади.

"ЖОНИВОРЛАР ИССИҚДАН ҚИЙНАЛМАСЛИГИ УЧУН..."

Исроилда молхоналар ўзига хос услубда қуриларкан. Мамлакатда қиш қаттиқ бўлмагани учун у ерда ёпиқ оғилхоналар умуман йўқ, моллар турадиган жой катта айвондан иборат. Бу айвонларнинг баландлиги 7 метрга етиб, ҳаво алмашилуви жуда яхши бўлади. Ёзда иссиқ 40 даражагача кўтарилганда фермаларда катта вентиляторлар тинмай шамол бериб туради. Махсус мослама душлар орқали сув туман ҳолатида молларга пуркалиб, молхона ҳарорати ўртача 30 даража атрофида сақланади. Натижада чорва моллари иссиқдан қийналмай, ўз маҳсулдорлигини кўпайтиради. Шу тариқа молларни иссиқдан сақлаш учун қилинган ишлар самараси сутчиликдан келадиган фойданинг 20 фоизини ташкил қилади.

Ҳамма молхоналарда мол бош сонига қараб сут соғиш заллари мавжуд. Бу залларнинг ҳаммаси автоматлашган бўлиб, барчасига бир нафар оператор хизмат кўрсатади. Айрим илғор фермаларда эса бу иш операторсиз, яъни компьютер орқали бажарилади. Соғиладиган молларнинг бўйнига тасма боғланган бўлиб, у орқали сигирнинг бир кунда қанча сут бериши компьютерга жўнатилади ва махсус дастурда қайд қилинади.

Исроилдаги барча чорвачилик фермалари энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, асосий ишлар техника томонидан бажарилади. Минглаб чорва моллари сақланадиган кўплаб катта фермаларга борган бўлсак-да, бирортасида ҳам 5-6 нафардан ортиқ киши ишлаганини кўрмадик.

"ХОМАШЁ МИҚДОРИ ЭМАС, СИФАТИГА ҚАРАБ..."

Ўқув курси давомида сутни қайта ишлашга ихтисослашган кўплаб заводларни бориб кўрдик. Масалан, "THYBA" компаниясига қарашли йирик корхонада бўлиб, бир кеча-кундузда 240 тоннагача сутни қайта ишлайдиган технологик линия билан танишдик. Шунингдек, фермалар қошида қурилган кичик сутни қайта ишлаш цехларини кўздан кечириб, у ерда ҳам сут маҳсулотларини чиройли қилиб қадоқлашга алоҳида эътибор қаратилаётганига амин бўлдик.

Заводга олиб келинган сут алоҳида мустақил фаолият юритадиган лабораторияларда таҳлил қилиниб, шунда асосан сутдаги ёғ ва оқсил миқдори аниқланади. Хомашё нархи шунга қараб белгиланади. Бундай шароитда маҳсулот етказиб берувчи фермалар ўртасида сутнинг миқдори бўйича эмас, балки сифати бўйича рақобат кучайиб боради.

Умуман олганда эса Исроилда сут ишлаб чиқариш миқдори давлат томонидан назорат қилиниб, ушбу маҳсулотни ортиқча ишлаб чиқармаслик учун квота белгилангани сабабли фермерлар сутнинг сифатига алоҳида эътибор қаратишади.

Махсус ўқув доирасида сут заводлари учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган "ARBEL" фирмасида ҳам бўлиб, турли қувватдаги технологик линияларни тайёрлаб, ўрнатиб ва ишлатиб беришни ўз зиммасига оладиган бу компания раҳбарияти билан ният баённомаси туздик. Демак яқин келажакда – сутни қайта ишлаш бизнесини йўлга қўйишимиз ва лойиҳани молиялаштириш манбалари аниқ бўлганидан кейин мазкур компанияга мурожаат қилиб, исталган қувватдаги асбоб-ускуналар ва технологияларга буюртмалар беришимиз мумкин бўлади.

Сафар давомида эътиборимизни жалб қилган яна бир жиҳат шундан иборатки, чорвачилик фермаларидан чиққан гўнг канализация орқали ферма яқинида қурилган биогаз ишлаб чиқариш заводларига етказиб берилади. У ерда ишлаб чиқарилган биогаз ёрдамида эса генераторлар ишлатилади ва электр энергияси ҳосил қилинади. Завод чиқиндилари эса мутлақо зарарсиз ва ҳидсиз ўғит сифатида фермерларга сотилади. Ҳам атроф-муҳитни ҳимоялаш, ҳам энергияни тежаш нуқтаи назаридан катта фойда келтирадиган бу технологиялар, билишимча, ҳозир ўзимизда ҳам жорий қилинаяпти. Умуман олганда, Исроилда чорвачилик жабҳасида амалга оширилган ишлар ва бугун юртимизда шу соҳани ривожлантириш учун ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ўртасида кўпгина ўхшашликлар бор. Шундай экан, яқин келажакда ўзбекистонлик чорвадорлар ҳам жаҳондаги етакчи ўринларга кўтарилиши ҳеч гап эмас.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, исроиллик чорвадорлар сирларидан бохабар бўлиб қайтган китоблик фермер хорижий тажрибани эътироф этиш билан бир қаторда уни ҳудудда ҳаётга татбиқ қилиш устида ҳам иш олиб бораяпти. Қорамоллар бош сони 160 бошга етган "Заковат" фермер хўжалигида яқинда озуқа рациони ўзгартирилиб, янги айвонлар қурилгани ва БМТ ТДнинг "Ҳудудларни комплекс ривожлантириш" лойиҳаси ёрдамида сунъий уруғлантириш марказини ташкил этиш режаси ишлаб чиқилаётгани бу борадаги саъй-ҳаракатлар фаоллашганидан далолатдир.

Ботир ТЕМИРОВ, "Qashqadaryo" мухбири.


 

Просмотров: 5305 | Добавил: agent007 | Рейтинг: 1.5/4
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Июнь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024 Бесплатный хостинг uCoz